ЎзА Ўзбек

10.02.2020 Чоп этиш версияси

Иккинчи кун ҳам атлетларимиз учун муваффақиятли ўтди

Иккинчи кун ҳам атлетларимиз учун муваффақиятли ўтди

Пойтахтимизда оғир атлетика бўйича ўтаётган VI Халқаро бирдамлик мусобақасининг иккинчи кунги баҳслари якунланди.

Вазни 71 килограммгача бўлган хотин-қизлар ўртасида қатнашган ҳамюртимиз Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришда 99 килограмм, силтаб кўтаришда 124 килограмм, иккикурашга кўра 223 килограмм натижа билан 3 та олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, мазкур вазнда иштирок этган яна бир атлетимиз Нигора Сувонова уч йўналишда кумуш медаль билан тақдирланди.

64 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Фотима Ҳабибуллаева терма жамоамизга бронза медалларини келтирди.

– Халқаро бирдамлик мусобақасида учта олтин медални қўлга киритиб, Токио – 2020 Олимпия ўйинлари рейтингидаги ўрнимни яхшилаб олганимдан хурсандман. Эндиги мақсадим Олимпиада ўйинларида муносиб иштирок этишдир, – деди Кумушхон Файзуллаева.

Эркаклар ўртасида 73 килограммгача вазн тоифасида баҳс олиб борган полвонимиз Достон Ёқубов даст кўтаришда бронза, силтаб кўтариш ва иккикураш натижасига кўра икки кумуш медалга сазовор бўлди.

3 109
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА