ЎзА Ўзбек

03.02.2020 Чоп этиш версияси

Икки йўналиш бўйича дунёда тенгсиз боксчи муносиб кутиб олинди

Икки йўналиш бўйича дунёда тенгсиз боксчи муносиб кутиб олинди

2020 йил 31 январь нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон спорти тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Шу куни Американинг Майами шаҳрида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев жаҳон бокс уюшмаси – WBA ва халқаро бокс федерацияси – IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритиб, Ўзбекистонимизнинг номини дунёга яна бир карра танитди.

Президентимизнинг Муроджон Аҳмадалиевга йўллаган табригида таъкидланганидек, эл-юртимизнинг ишончини оқлаб, мустақил Ўзбекистон спорти тарихида мутлақо янги ва ёрқин саҳифа очган ушбу оламшумул зафар соҳиби бўлган Муроджон каби жасур ва ватанпарвар ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

3.jpg

М.Аҳмадалиевнинг ғалабаси юртимизда кўплаб соҳалар сингари спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ўзининг салмоқли самарасини бераётганига яна бир исботдир. Мамлакатимизда ёш авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу эса спортчиларимизнинг турли мусобақаларда юрт шарафини янада юксалтиришида муҳим дастуриламал бўлади.

Ўзбекистон – кураги ерга тегмаган полвонлар, мард ва баҳодирлар юрти. Музаффар спортчи йигит-қизларимизнинг донғи қитъалараро ёйилмоқда. Шаҳарларимиздан тортиб энг чекка қишлоқ жойларида ҳам оммавий спорт ўйинлари ҳамда аҳоли ўртасида спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар туфайли бир томондан, диёримизда соғлом авлод вояга етмоқда, иккинчи томондан, ёшларимиз орасидан минг-минглаб моҳир спортчилар етишиб чиқмоқда.

1.jpg

Мамлакатимизнинг тобора юксалиб бораётган куч-қудрати, салоҳияти ана шу эпчил ва бақувват спортчиларимиз дунё спорт майдонларида эришаётган ғалабалар мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бугун ўзбекнинг болалари дунё майдонларида юрт байроғини баланд кўтариб, Ватан мадҳиясини баралла янгратмоқда.

3 февраль куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиевни вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали равишда кутиб олди.

Дунёнинг янги чемпиони ўз камарини баланд кўтарган ҳолда она Ватан заминига қадам қўяди. Карнай-сурнай садолари янграйди. Лобар қизлар унга гуллар тақдим этади.

2.jpg

– Америкада ўтказилган учрашув ҳаками ғалаба қозонганимни эълон қилганида мени чексиз фахр-ифтихор туйғулари чулғаб олди, – дейди М.Аҳмадалиев – Қийин ва муросасиз жангда барча юртдошларимнинг мени чин дилдан қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис қилиб турдим. Айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғалабамни юқори баҳолаб, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирлаганини эшитганимда беҳад миннатдор бўлиб, ғурурландим. Камтарона меҳнатларимизни доимо юқори баҳолаб келаётган мамлакатимиз шарафини янада юксалтиришга бор куч-ғайратим билан ҳаракат қиламан.

12 388
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА