ЎзА Ўзбек

08.06.2018 14:20:13 Чоп этиш версияси

Икки теннисчимиз – Сабина ва Нигина ўзаро рақобатлашадиган бўлди

Халқаро теннис федерацияси – ITF томонидан Наманганда ўтказилаётган "Фьючерс" туркумига кирувчи мусобақанинг эркаклар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида финалчилар номи аниқланди.

Мусобақанинг жуфтлик баҳслари ярим финалида Санжар Файзиев ва Ҳумоюн Султонов украиналик Владислав Манафов ва россиялик Владимир Поляковни 6:4, 2:6, 10:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Энди Санжар ва Ҳумоюн финал учрашувида россиялик Константин Кравчук ва Роман Сафиуллинга қарши кортга чиқади.

Хотин-қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларининг чорак финалида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Сабина Шарипова россиялик Анна Моргинани ҳар иккала сетда 6:2 ҳисобида таслим қилган бўлса, Нигина Абдураимова болгариялик Юлия Терзискани 7:5, 6:3 ҳисобида енгди.

Шу тариқа финал йўлланмаси учун ўтадиган баҳсда икки теннисчимиз – Сабина ва Нигина ўзаро рақобатлашадиган бўлди.