ЎзА Ўзбек

27.09.2018 Чоп этиш версияси

III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари олдидан. Шаҳрулло Маҳмудов: “Аргентинада медаллар учун курашамиз”

III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари олдидан. Шаҳрулло Маҳмудов: “Аргентинада медаллар учун курашамиз” Шу йилнинг 6-18 октябрь кунлари Аргентинада III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ўтказилади. Ҳар тўрт йилда ташкил этиладиган ушбу нуфузли мусобақада ватанимиз шарафини бу сафар 37 нафар спортчимиз ҳимоя қилишидан хабарингиз бор. Шундан уч нафари оғир атлетика спорти вакилларидир.

2014 йили Хитойнинг Нанкин шаҳри мезбонлик қилган II ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида оғир атлетикачиларимиз ҳам терма жамоамиз муваффақиятларига муносиб улуш қўшишганди. Ўшанда Фарҳод Собиров кумуш, Адҳамжон Эргашев эса бронза медалига сазовор бўлишган. Қувонарлиси, бугунги кунда ушбу спортчиларимиз асосий терма жамоамиз сафидан мустаҳкам жой олишган ва ҳозирда жорий йил ноябрь ойида Туркманистонда ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионати мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Юртимизда эса уларга муносиб ўринбосарлар етишиб чиқаяпти. Шу боис бу сафар ҳам мутахассислар оғир атлетикачиларимиздан юксак натижалар кутишмоқда.

– Аргентинада ўтказиладиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида терма жамоамиз сафида уч нафар атлетимиз супачага чиқишади, – деди биз билан суҳбатда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудов. – Ўсмирлар ўртасида -77 кг. вазн тоифасида Муҳаммадқодир Тоштемиров, қизлардан эса -63 кг. вазн тоифасида Кумуш Файзуллаева ҳамда -90 кг. вазнли атлетлар орасидаги баҳсларда иштирок этадиган Далера Файзуллаева III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланмаларни Тайландда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қўлга киритишган эди. Бугунги кунда спортчиларимиз мунтазам тайёргарлик жараёнини олиб боришмоқда ва умид қиламизки улар Аргентинадаги мусобақага ўзларининг оптимал ҳолатида етиб боришади. Бизнинг атлетлар билан бир вазн тоифаларидаги жаҳоннинг етакчи спортчилари томонидан йил давомида қайд этилган натижаларга қараб хулоса чиқарадиган бўлсак, вакилларимизнинг ҳар бирида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида совриндорлар сафидан жой олиш, ҳатто чемпион бўлиш учун ҳам имкониятлар етарли. Кези келганда таъкидлаш жоиз, ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари биз учун муҳим мусобақалардан саналади. Бундан тўрт йил муқаддам Нанкинда ўтказилган мусобақада қатнашган атлетларимиз бугун катталар ўртасида ҳам ўз сўзларини айтишмоқда. Ишонаманки, Аргентинада бўладиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида ҳам биз яқин заҳирамизни кўздан кечириб оламиз ва келгусида улар ҳам акалари сингари жаҳон ареналарида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади.

Ўзбекистон спорт делегацияси Аргентинага 4 октябрда жўнаб кетиши режалаштирилган.

Отабек Эшмаматов, журналист