ЎзА Ўзбек

15.03.2019 12:23 Чоп этиш версияси

“Humo Arena” муз саройи очилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

“Humo Arena” муз саройи очилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Тошкентда “Humo Arena” муз саройи мажмуасининг тантанали очилиш маросимига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мажмуа қурилишида қатнашган “ПИ АРЕНА” ва “Wind Rose” ташкилотлари масъул ходимлари, спорт жамоатчилиги, маҳаллий ва хорижий ОАВлар вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, муз саройи қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилди. 2017 йил 3 февраль куни Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишган қисмида кўп тармоқли муз саройи қурилишига рамзий тамал тоши қўйилган эди. 

“Ҳумо Арена” нафақат профессионал спортчилар аренаси бўлиб, шунинг баробарида аҳолининг қишки спорт ўйинларига бўлган қизиқишини орттиришга ҳам хизмат қилади.

Экспертларнинг фикрича, пойтахтимиздаги янги спорт мажмуаси қишки спорт турларини оммалаштириш ҳамда халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш борасида қудратли локомотив бўлди.

Тадбирда ўз ўйинлари профессионаллари “Ҳумо Арена”нинг имконияларини ҳозирданоқ юқори баҳолаб, Ўзбекистон қишки спорт турларини ривожлантириш борасида жаҳон талабларига даражасидаги иншоотга эга бўлганини таъкидлади.

– Бугун шундай нуфузли тадбирда иштирок этиш арафасидамиз, – деди фигурали учиш бўйича уч карра Европа ва Россия чемпиони Татьяна Навка. – Ўзбекистонлик ёшлар учун бундай катта имкониятнинг пайдо бўлгани жуда қувонарли. 

“Ҳумо Арена” (12 500 ўринли) бўлиб, кичик машқ аренаси (200 ўринли), машқ заллари, спорт музейи ва бошқа кўплаб объектлардан иборат мажмуадир.

Ўзбекистонда илк марта бунёд этилган мазкур нуфузли иншоот қишки спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш жараёни жаҳон талаблари даражасида ўтказилишини таъминлайди, мамлакатимизда йирик хоккей ва бошқа спорт мусобақаларини ўтказиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирни ёритиш учун маҳаллий ва Буюк Британия, Испания, Италия, Россия, Озарбайжон каби хорижий давлатлар ОАВларининг 300 га яқин вакиллари ва блогерлар таклиф этилган. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 212