ЎзА Ўзбек

18.12.2019 Чоп этиш версияси

"Humo Arena"​ энг аҳамиятли объектлар рўйхатига киритилди​

"Humo Arena"​ энг аҳамиятли объектлар рўйхатига киритилди​

Россиянинг спорт иншоотлари қурилиши, улардан фойдаланиш ва бошқариш масалаларига бағишланган етакчи журнали "Sport Build" 2019 йилда фойдаланишга топширилган спорт индустриясининг энг аҳамиятли объектлари рўйхатини тузди.

Бу рўйхатга "Tottenham Hotspur Football Stadium" (Лондон), "Ференц Пушкаш" стадиони (Будапешт), "Лужники" сув спорти турлари саройи (Москва) кабилар қаторида Тошкентдаги "ENTER Engineering Pte. Ltd" компанияси томонидан қурилган "Humo Arena" кўп функцияли муз саройи ҳам киритилди.

Биринчи муз саройи ҳисобланган "Humo Arena"нинг қурилиши 2017 йилнинг февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ёш авлод салоҳиятини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида бошланган. Спорт мажмуаси спортни ривожлантириш, унинг қишки турларини оммалаштириш ва спортчиларни янги, жаҳон даражасига олиб чиқиш ишларига катта туртки бўлди.

2019 йилнинг 15 март куни "Humo Arena"нинг тантанали очилиш маросими бўлди, унда Ўзбекистон Президенти шахсан иштирок этиб, мамлакатда жисмоний жиҳатдан бақувват ва ҳар томонлама баркамол ёш авлодни тарбиялашга, жисмоний тарбия ва спортни фаол тарғиб қилишга алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, ўзбекистонликлар ўзбек спортининг шонли анъаналарини тиклаш ва давом эттиришни ўзларининг бурчи, деб билади.

Тантанали очилиш маросими спортчилар ва санъаткорлар томонидан тайёрланган 3D-мэппингдан фойдаланилган ажойиб шоу-дастурдан иборат бўлди. Афсонавий хоккейчилар ва фигурали учиш чемпионлари маросим меҳмонлари бўлишди. Мусиқали шоу-дастурда машҳур санъаткорлар чиқди.

"Humo Arena" муз саройи 12,5 минг ўринли муз аренаси, кичик машғулотлар аренаси, спорт музейи, машғулот заллари, фитнес-марказ, ресторан ва спорт анжомлари дўконидан иборат. Хоккей, керлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича халқаро турнирлардан ташқари, арена спортнинг баскетбол, волейбол, гандбол футбол, бокс, таэквондо, қиличбозлик ва бошқа турлари бўйича мусобақаларни ҳам ўтказишга мўлжалланган. Бундан ташқари, бу ноёб трансформер-арена бўлиб, инновацион технологиялар туфайли турли-туман шоулар – мумтоз мусиқа концертларидан тортиб замонавий эстрада концертларини ташкил этиш имкониятига эга. Шунингдек, расмий форматдаги тадбирлар – йирик халқаро форумлар, анжуман ва кўргазмаларни ўтказиш учун ҳам етарли имкониятлар мавжуд. Мажмуа жаҳон етакчи ишлаб чиқарувчиларининг юқори даражали ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда аренадаги тадбирларни онлайн-трансляция қилиш имконияти яратилган.

Бу хусусиятлар "Humo Arena" мажмуасини ҳақиқий маънода ноёб кўнгилочар спорт иншооти даражасига кўтарадики, у аҳолининг барча қатламларининг жисмоний ва маданий ривожланишига хизмат қилади. 2019 йилда бу ерда 20 та хоккей ўйини, 3 та халқаро спорт тадбири, 12 та концерт ўтказилди.

3 807
Н.ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА