Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

04.08.2018 13:51 Чоп этиш версияси

Гулистонлик жаҳон чемпионини ҳамшаҳарлари қутлади

Гулистонлик жаҳон чемпионини ҳамшаҳарлари қутлади

Жорий йилнинг июль ойида Хорватиянинг Загреб шаҳрида эркин кураш бўйича ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган гулистонлик Жамшид Маъруфов ўзи таҳсил олаётган таълим муассасасида тантанали равишда кутиб олинди.

Жамшид Маъруфов 2001 йилнинг 8 августида Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида таваллуд топган. Айни чоғда у Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати (собиқ Олимпия захиралари коллежи)нинг 10-синфида таҳсил олмоқда.

Загреб шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида 55 килограмм вазн тоифасида Жамшид Маъруфов барча рақибларини доғда қолдириб, ғолибликни қўлга киритди ва мусобақанинг олтин медали билан тақдирланди. Жамшид таҳсил олаётган Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида чемпион шарафига тантанали маросим бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Гулистон шаҳар ҳокимлиги, вилоят ва шаҳар халқ таълими, вилоят ва шаҳар жисмоний тарбия ва спорт қўмиталари, вилоят эркин кураш федерацияси вакиллари, мактаб-интернатнинг ўқитувчи ва ўқувчилари жамоаси ҳамда чемпионнинг ота-онаси ва яқинлари иштирок этди.

Жаҳон чемпиони Жамшид Маъруфов йиғилганларга мусобақа хусусида, Хорватия давлатида кўрган билганлари ҳақида ўз таассуротларини сўзлаб берди.

– Ушбу ғалабамда ота-онамнинг, айниқса, Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида менга таълим-тарбия ҳамда сабоқ бераётган мураббий ва устозларимнинг хизматлари катта, – дейди жаҳон чемпиони Жамшид Маъруфов. – Ота-онамнинг дуолари, мураббийим Дилҳаёт Жўраев ва бошқа устозларимнинг менга берган зарур насиҳат ва ўгитларига амал қилганим сабаб жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлдим, деб ўйлайман.

Тадбирда Жамшиднинг мураббийи ва ота-онаси ҳам сўзга чиқиб, спортчилар учун барча шароитларни яратиб бераётган Давлатимиз раҳбарига ўзларининг самимий миннатдорчиликларини изҳор этди.

– Жамшид энг иқтидорли шогирдларимдан биридир, – дейди мураббийи Дилҳаёт Жўраев. – У 8 йилдан буён қўл остимда спортнинг эркин кураш тури билан шуғулланиб келяпти. Шу давр мобайнида Жамшид спорт устаси нормативини бажарди, бир неча бор Ўзбекистон чемпионати ва кубоги беллашувларида шоҳсупанинг энг юқори пағонасидан ўрин олди. Худо хоҳласа, Жамшидни Японияда ўтиши режалаштирилган Бутун жаҳон ёзги олимпия ўйинларида ҳам давлатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишончим комил.

Тадбирда Гулистон шаҳар ҳокимлиги, вилоят ва шаҳар халқ таълими бошқарма ва бўлими, мактаб-интернат жамоаси томонидан Жамшид ва унинг мураббийига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

А.Қаюмов (сурат), ЎзА