ЎзА Ўзбек

02.05.2019 Чоп этиш версияси

Германиялик ёш футболчилар юртимизда

Германиялик ёш футболчилар юртимизда

Айни пайтда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш ўйинларига жиддий тайёргарлик кўраяпти. Бунинг учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан барча шароитлар яратилмоқда. Жумладан, шу йил 20 май куни Германиянинг “Берлин” U-18 жамоаси Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган. Отабек Ғуломхўжаев устозлигидаги терма жамоамиз Фарғона водийсида немислар билан иккита ўртоқлик ўйини ўтказадиган бўлди.

Жамоалар Андижонда 21 май куни ўзаро куч синашса, Намангандаги ўйин эса 23 майга белгиланган. Хабарингиз бор, мазкур вилоятлардаги стадионлар халқаро талабларга тўла жавоб берадиган даражада таъмирланган, ҳар қандай халқаро мусобақани ўтказиш имкониятига эга.

Мазкур ўйинлар орқали Отабек Ғуломхўжаев терма жамоага номзод футболчиларни яна бир бор синовдан ўтказиб, турли ўйин услубларини амалда қўллаб кўришни кўзламоқда.

Терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги рақиблари 9 май куни бўлиб ўтадиган қуръа ташлаш маросимидан сўнг маълум бўлади.

1 436
Ойбек Юнусов, ЎзА