ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Гербимиз доимо қалбимизда

Гербимиз доимо қалбимизда

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун 

Мамлакат номидан майдонга чиқадиган ҳар бир спортчи ва унинг мураббийлари давлатимиз рамзлари тавсифини тўлиқ билиши, миллий қадриятларимиз ва тарихимизни ўрганиши лозим. Спортчининг вазифаси мусобақада ғолиб чиқиш ва медаль олиш, ундан байроқ ёхуд гербда нима тасвирланганини, давлат мадҳиясини ёд билишни, миллий қадриятларимиз ҳақида етарли маълумотга эга бўлишни талаб қилиш тўғрими, деб қаровчилар ҳам топилади. Аммо биз қайси соҳада фаолият кўрсатмайлик, шу юртнинг фарзанди эканмиз, Ватанимиз тарихини, давлатимиз рамзларини билиш – ҳам қарз, ҳам фарз. Айниқса, биз каби тез-тез хориж сафарига чиқадиган спортчилар учун бу ўта муҳимдир.

Мен спортчи бўлганимдан жуда фахрланаман. Жаҳон ареналарида буюк ўтмишга эга ва ҳеч кимдан кам бўлмаган ўзбек спортчиларининг обрў-эътибори жуда баланд. Ҳар бир ўтказаётган жангимизда медаллар учун рингда беллашаётганимизда доимо қалбимизда турувчи гербимиз бизга ўзгача куч-қувват бағишлаб туради.

Спортчиларимизнинг юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, ҳар бир ғалабасини қувонч ёшлари билан қарши олаётганини кўриб, болалигимдан спортга меҳр қўйдим. Устозим Баҳодир Эркаев қўл остида бокснинг барча сир-асрорларини ўргандим.

Илк бор 2016 йили Бекобод шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлдим ва қалбимни Ватанимиз шарафини жаҳон ареналарида юксакларга кўтаришдек ҳиссиёт чўлғади. Ўша йили Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳридаги жаҳон кубогида бронза медали билан тақдирландим. 2017-2018 йилларда Қозоғистон, Россия ва Украинада ўтган халқаро турнирларда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдим. 2018 йили Жакарта шаҳри (Индонезия)да бўлиб ўтган XVIII ёзги Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, илк орзуимни амалга оширдим. 2019 йили бир қатор халқаро турнирларда ғолиб бўлдим. Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё чемпионига айландим. Энг муҳими, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида барча рақибларимни енгиб, жаҳон чемпионатида ғолиб бўлдим.

Камтарона меҳнатларимизни юқори баҳолаган Президентимиз 2019 йил 27 сентябрда мени “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирлади.

Жорий йилда эса Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича Осиё/Океания минтақалари учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи турнирда ғолиб бўлиб, Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритдим. Эндиликда энг катта орзуим Олимпия ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, бошимиз узра юксакларда ҳилпираётган байроғимиз ва руҳимизга ҳар бир сўзи сингиб кетган мадҳиямизни баралла янгратмоқчиман.

Миразизбек МИРЗАХАЛИЛОВ,

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси,

жаҳон ва Осиё чемпиони.


6 916
ЎзА