ЎзА Ўзбек

12.07.2018 12:02 Чоп этиш версияси

ГАНДБОЛ: Италиядан хушхабар - спортчиларимиз Жаҳон Кубоги соҳиби!

ГАНДБОЛ: Италиядан хушхабар - спортчиларимиз Жаҳон Кубоги соҳиби!
Мамлакатимизда қўлтўпи спорт тури ривожланиб бораётганлиги ҳақиқат. Йигит ва қизларимиз нафақат Осиё, балки жаҳон миқёсидаги расмий-норасмий Халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда.

Бугун Италия томонлардан етиб келган хушхабар ҳам ана шу ютуқларимизнинг давоми бўлди.
Италиянинг Терамо шаҳрида Халқаро гандбол федерацияси тақвимига кирувчи, 46-марта ўтказилган халқаро “Интерамниа” Жаҳон Кубогида мамлакатимиз гандбол терма жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. 

Жаҳоннинг 34 та мамлакатидан 123 та жамоа иштирок этган, турли ёш тоифалари ўртасидаги мусобақанинг 2000 йилларда туғилган спортчилари орасида ташкил этилган баҳсларда пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари коллежи талабаларидан иборат терма жамоаси бош совринни қўлга киритди. 
Улуғбек Икромов ва Зафар Азимов мураббийлиги остидаги ёшларимиз 14та жамоа иштирок этган гуруҳ босқичида “Ланестер” (Франция, 18:8), “Грунвальд” (Польша, 23:16), “Вирум Соргенфри” (Дания, 15:13), “Моунтада” (Марокаш, 21:14), “Козанис” (Греция, 26:8) каби жамоаларга қарши кураш олиб борди ва уларнинг аксариятини йирик ҳисобларда мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди.

Гандболчиларимиз ярим финалда яна ўша “Вирум Соргенфри” клубини бу гал ҳам доғда қолдирди (15:8) ва ҳал қилувчи ўйинга йўлланма олди. Ҳамюртларимиз турнир финалида Швейцариянинг “Шеноис Женева” жамоасига қарши майдонга тушишди ва бу рақиб ҳам ўзбекистонликлар томонидан йирик ҳисобда мағлуб этилди – 18:9. Шу тариқа ҳамюртларимиз ўтказилган етти учрашувнинг барчасида муваффақият қозонишиб, бош совринга сазовор бўлишди.

Ойбек Юнусов, ЎзА
5 986