Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 19:26 Чоп этиш версияси

ФУТЗАЛ: “Бухоро” аввал таркибини йўқотди, кейин эса ўйинга бормай қўя қолди

ФУТЗАЛ: “Бухоро” аввал таркибини йўқотди, кейин эса ўйинга бормай қўя қолди
“Бухоро” жамоаси Фарғонага – “Нефтчи” билан ўйинга боришнинг имконини қила олмади, натижада унга мағлубият ёзилди, энди жаримага ҳам тортилади

Футзал бўйича мамлакат чемпионатининг 14-тур ўйинларида шов-шувга тортадиган натижали ўйиннинг ўзи бўлмади. Ташкил этилган олти учрашувнинг барида кучли клубларнинг ғалабаси кузатилди. “Металлург” сафарда тўп суришига қарамай “Қизилқум”ни ҳар иккала ўйинда ҳам (4:1, 7:5) мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқди. “Нефтчи” ўз майдонида “Бухоро”ни майдонга тушмаёқ енга билди, сабаби “Бухоро” ўйинга келмади. “Бунёдкор” “Локомотив”ни (4:2, 5:1), “Насаф” “Қўқон-1912”ни (12:3, 5:2), “Пахтакор” “Навбаҳор”ни (3:0, 4:2), АГМК эса “Сўғдиёна”ни (5:2, 3:1) мағлуб этиб, мавқеларини янада мустаҳкамлаб олдилар.

“Бухоро” биринчи даврани ёмон ўтказмади, гарчи турнир жадвалида бешинчи ўринда турган бўлса-да, учликка киришга интилаётган, бунинг учун имкониятлари ҳам етарли эди. Сабаби, “Бухоро” шарафини ҳимоя қилаётган Когон шаҳрининг Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ота-бола Фурқат ва Фузулий Хайруллаев устозлигида футзалда “пишган”, “тобланган” йигитлар иштирокида ҳар қандай мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келганди. Нима бўлди-ю, клуб раҳбарларининг футзал жамоасига эътибори сусайди. Аввалига мукофот пуллари камайтирилди, кейинроқ бутунлай йўқ қилинди, танаффус пайтида эса жамоанинг етакчиларини клубда ушлаб қолиш чораларини кўра билмади, натижада тажрибали тўрт нафар футзалчи жамоани тарк этиб, “Сўғдиёна” таркибига бориб қўшилди ва айнан шу йигитлар эвазига кучайган жиззахликлар иккинчи даврадан рақибларининг “додини” бера бошлашди. 

“Бухоро” учун булар ҳали ҳаммаси эмас экан. Иккинчи давра бошидаги “Пахтакор”га қарши ўйинни ўтказиш учун аранг Тошкентга келиб-кетган жамоа навбатдаги ўйинларини ўз майдонларида бир амаллаб ўтказди. 14-турга келиб эса Фарғонага бориш ҳам муаммо остида қолди. Жамоа ҳар қандай шароитда ҳам тайёргарликни давом эттирди, сафарга жўнаб кетиш муддати ўтаётган дамда ҳам жамоа аъзолари базани тарк этишмади. Уларнинг кўнгилларида “муаммо ҳал бўлиб қолар”, деган умид ҳали ўчмаганди. Охир-оқибат сафар бекор қилинди, футзалчилар уй-уйларига тарқатилди.

Хўп, клуб мутасаддилари бу каби муаммони ҳал эта олмай, иккита ўйинга тегишли бўлган техник мағлубиятга рози бўлди, дейлик ҳам. Лекин масалани иккинчи томони ҳам бор. Сафар билан боғлиқ харажатларни ҳал эта олмаган клуб бунинг учун жорий қилинган моддий жаримани тўлашдан бош торта олмайди-ку. Жарима эса йўлкирадан анча қимматга тушиши ҳеч гап эмас...

Хуллас, 14-турдан кейин “Бухоро” пастлашда яна давом этди. Кучли тўртликдаги жамоаларнинг бари (АГМК, “Пахтакор”, “Нефтчи” ва “Металлург”), қаерда ўйнашидан қатъий назар ғалаба қозонишди ва турнир жадвалидаги ўз ўринларини ўзгартиришмади. Пастроқда юрган “Бунёдкор” “Локомотив”дан эришилган ютуқ туфайли саккизинчи ўриндан бешинчи ўринга кўтарилиб олди. “Локомотив” эса аксинча, еттинчи ўриндан тўққизга “шўнғиди”. 

Навбатдаги тур ўйинлари 14 ва 15 сентябрь кунларига белгиланган.

ЎзА