ЎзА Ўзбек

18.10.2012 17:22 Чоп этиш версияси

Футболчиларимиз ёруғ юз билан қайтишди

Россиянинг Калининград шаҳрида футбол бўйича ногирон-ампутантлар ўртасида ўтказилган 2012 йилги жаҳон чемпионатида кетма-кет учинчи маротаба чемпион унвонига сазовор бўлган футболчиларимиз Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, спорт жамоатчилиги, журналистлар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар самарасида жисмоний имконияти чекланган ҳамюртларимиз ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоасининг уч карра жаҳон чемпиони бўлгани бунинг ёрқин далилидир.

2007 йили Туркияда, 2010 йили Аргентинада ўтган жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлган Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси навбатдаги мусобақада ҳам чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилди. Футболчиларимиз Туркияни 6:1, Японияни 7:0, Либерияни 8:2, Англияни 4:2 ва Украинани 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, “В” гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Ярим финалда 2010 йилги жаҳон чемпионати финалчиси – Аргентина терма жамоаси дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритди.

Финалда вакилларимиз мезбон жамоага қарши тўп суриб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва учинчи бор жаҳон чемпиони бўлди.

Президентимизнинг фармонига мувофиқ ушбу чемпионатда ғолибликни қўлга киритиб, халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишда жасорат ва матонат намунасини кўрсатгани учун футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси аъзоларининг бир гуруҳи юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.

– Чемпионликдан қувониб турганимизда Президентимиз фармонига биноан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганимиз ҳақидаги хушхабарни эшитиб, фахру ифтихоримиз, хурсандчилигимиз янада ошди, – дейди футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси мураббийси, "Дўстлик" ордени соҳиби Мавзурхўжа Умархўжаев. – Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик кўнглимизни тоғдек кўтаради, бизни янги марралар сари руҳлантиради. Ватанимиз номини халқаро майдонларда янада юксалтириш учун бор куч ва ғайратимизни ишга солаверамиз.

– Терма жамоамиз илгари икки карра жаҳон чемпиони бўлганида, дўстларимга жуда ҳавас қилган эдим, – дейди терма жамоа аъзоси, “Жасорат” медали соҳиби Ҳакимжон Ҳасанов. – Бугун мен ҳам улар сафидаман. Бундай улкан ғалабаларимиз билан халқимизга хурсандчилик улашганимиз, эл-юртимизга наф келтирганимиздан беҳад бахтиёрмиз.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов иштирок этди.


ЎзА, Зоҳир Тошхўжаев, Отабек Мирсоатов (сурат)
8 728