ЎзА Ўзбек

25.07.2018 13:07 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Уч ўйинда уч хил натижа – “Нефтчи” “уят”дан уялмаяпти

ФУТБОЛ: Уч ўйинда уч хил натижа – “Нефтчи” “уят”дан уялмаяпти
Кеча мамлакат PEPSI Суперлигаси 18-тур доирасида қолган учта ўйин ҳам ўтказилди. Эътиборли жиҳати, уч ўйинда уч хил натижа қайд этилди.

Биринчи бўлиб майдонга тушган “Сўғдиёна” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳисоб очилмади. Олти турдирки “Локомотив” мағлубият нималигини билмаяпти, аксинча, тўрт ўйиндан 12 очко олишга эришди, яна иккитасида эса дуранг қайд этди. “Сўғдиёна эса аксинча, олти турда фақат битта юта олди, иккита дуранг қилди ва уч ўйинни бой берди. Бу билан жиззахликлар кучли олтиликка кириш имкониятини амалий жиҳатдан қўлдан чиқариб бўлди, “темирйўлчилар” эса кучлилар қаторига қўшилиш масаласини деярли ҳал этиб бўлди.

Ушбу турда “Нефтчи” – “Қизилқум” учрашувини диққат билан кузатувчилар кўп бўлди ҳисоб. Сабаби, фарғоналиклар 18-турки ҳали бирон марта ҳам ғалаба нашидасини сура олмадилар. Ўз майдонида, бунинг устига ўртамиёна клубга қарши очко олишларига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаганди. Афсуски, бу гал ҳам фарғоналиклар тобора камайиб бораётган мухлисларини ранжитди. Гўёки, “Нефтчи” мағлубиятларга кўникиб бўлди, ишқибозлари олдида уялиб қолишдан уялмайдиган ҳам бўлиб кетишди. “Нефтчи”нинг сўнгги беш ўйиндаги статистикасида янгиликнинг ўзи йўқ – дуранг ва мағлубиятлар, ютуқдан эса дарак йўқ. “Қизилқум” эса бешта ўйиндан бери учинчи ғалабасини таъминлади.

Ниҳоят, куннинг сўнгги ўйини “Бунёдкор” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасида кечди. Учрашув турнинг марказий ўйини бўлганлиги бор гап. Стадионга ташриф буюрган томошабинлар кескинликнинг, муросасизликнинг ва албатта, ҳар иккала жамоа томонидан шиддатли ўйиннинг гувоҳи бўлишди. Сал бўлмаса наманганликлар Миллий стадиондан очко билан, ҳатто уч очко билан қайтишлари ҳам мумкин эди. Бироқ шу куни омад мезбонлар томонида бўлди. “Пахтакор”, “Локомотив” каби “Бунёдкор” ҳам беш турдан бери мағлубиятни четлаб ўтяпти, бор-йўғи битта дуранг, бошқаларида эса ғалаба. Чемпионатни кўтаринки руҳда ўтказаётган “Навбаҳор” эса сўнги беш турда иккитадан ютуқ ва мағлубият қайд этган, битта учрашувда рақиби билан муроса қилганди. Бу гал эса кучли клубга қарши муваффақият қозонишни кейинги турга қолдиргандек тасаввур қолдирди.

a2328535-a3c4-4f6f-8f92-e46ae697f350.jpg

1324d92c-9da0-4d03-b272-dbee77c7fade.jpg

3b9f49c0-a527-4b2a-9f0c-512a1946833a.jpg

421ac2ae-18ed-4b5e-ace4-1e0ebe8c2d59.jpg

PEPSI Суперлига .18-тур.

24 июль

“БУНЁДКОР” - “НАВБАҲОР” - 2:1
Голлар: Дилшодбек Аҳмадалиев (37), Филип Райевац (58) - Рўзимбой Аҳмедов (31).

“НЕФТЧИ” - “ҚИЗИЛҚУМ” - 0:1
Гол: Артур Геворкян (61).

“СЎҒДИЁНА” — “ЛОКОМОТИВ” - 0:0.

18-турдан кейин турнир жадвалини ҳамон “Пахтакор” жамоаси бошқариб бормоқда. “Шерлар” 42 очко тўпладилар. Иккинчи поғонада 36 очко билан “Бунёдкор”, 32 очко билан “Локомотив” жамоаси боряпти. Кучли олтиликдан “Навбаҳор” (31 очко), “Бухоро” (26 очко) ва “Металлург” (24 очко) жамоалари жой олишган. “Насаф”да 23, “Қўқон-1912”да 21, “Қизилқум”да 20, АГМКда 17, “Сўғдиёна”да эса 16 очко бор. Турнир аутсайдери ҳар доимгидек “Нефтчи” – атиги 8 очко.

Кейинги турдаги учрашувлар:

19-тур. 28-29 июль 

“Насаф” – АГМК
“Навбаҳор” – “Пахтакор”
“Металлург” – “Нефтчи”
“Локомотив” – “Бунёдкор”
“Қўқон-1912” – “Сўғдиёна”
“Қизилқум” – “Бухоро”.

Яна бир гап. 19-тур доирасидаги “Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги учрашувни қитъамизнинг етакчи рефериларидан бири, яқинда Россия майдонларида якунига етган Жаҳон чемпионатида иккита ўйинни бошқарган Наваф Шукрулла бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Ёсир Ҳалил Иброҳим Телфат ҳамда Наваф Шаҳин Ҳалифа ёрдам беришади.

Муҳаммад Амин (сурат), Ойбек Юнусов, ЎзА
5 431