ЎзА Ўзбек

01.11.2019 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Суперлига – турнинг тенг ярмида бир хил натижа

ФУТБОЛ: Суперлига – турнинг тенг ярмида бир хил натижа
Coca-cola Суперлигаси навбатдаги 23-турининг тўртта ўйинида бир хил натижа - 1:1 ҳисоби қайд этилди, икки учрашувда мезбонлар, фақат битта ўйинда меҳмонлар ғалаба қозонди.

Ўз майдонида “Динамо”ни қабул қилган “Сўғдиёна” турнинг энг йирик натижасини қайд этди – самарқандликлар дарвозасига жавобсиз учта гол йўллади ва турнир жадвалида соврин тақдим этувчи учинчи ўринга кўтарилиб олди. “Динамо” эса аксинча, тобора лигани тарк этувчи “имкониятини оширди”. Ҳеч нарсани ҳал этмайдиган ўйинда “Пахтакор” ўз анъаналарини давом эттирган ҳолда “Сурхон” жамоасини мағлуб этди. Сафарда ютуққа эришиш эса тур бўйича биргина “Қўқон-1912” жамоасига насиб этди. Қўқонликлар жамоаси тўпурари Мурод Холмуҳаммедовнинг пенальтидан киритган голи эвазига ғалабани сақлаб қолишди.

photo5323726059654458305.jpg

Дурангли натижалардан учтасида қизиқ воқеалар кузатилди. Айтайлик, “Қизилқум” – “Металлург” ўйинида ҳар иккала томон голлари пенальтилардан киритилган бўлса, “Андижон” – “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳар иккала гол ҳам бош ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда дарвозалар тўридан жой олди. 

photo5323726059654458307.jpg

Турнинг марказий учрашуви дея баҳоланган “Навбаҳор” – “Насаф” учрашуви кутилганидек қизиқарли, шиддатли ва муросасиз ўтди. Ҳар иккала бўлим ҳам деярли тенг курашлар остида давом этди. Ҳар иккала томондан ҳам хавфли вазиятлар бир неча бор юзага келди ва ҳар иккаласида ҳам дарвозабонларнинг маҳорати эвазига тўплар дарвоза тўрига бориб тушмади. Биринчи бўлимда таркиб борасида томошабинларнинг кескин норозилигига дуч келган майдон эгаларининг хорижлик мураббийи иккинчи бўлимда таркибни ҳам, майдондаги тактикани ҳам ўзгартирди. Натижада мезбонлар ўйинида янада жонланиш сезилди. Бу эса ниҳоят, учрашув тугашига ўн дақиқа қолганда ўз мевасини берди. Азиз Ибрагимовнинг кучли зарбасини дарвозабон қайтаришга ожизлик қилди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган уч дақиқанинг сўнгги сониялари, стадиондаги кўпчилик маҳаллий мухлислар ва мутахассислар ғалабани нишонлай бошлаган чоғда қаршиликларнинг ҳужумини Бобур Абдухолиқов голга айлантирди ва жамоадошлари учун ғалабадек қабул қилинган дуранг натижага асос солди. Аксинча, майдон эгалари мағлубиятга тенг голни ўтказиб юборганликлари учун ҳам майдонни ғамгин кайфиятда тарк этишди.

photo5323792687482121043.jpg

Ушбу турдан сўнг “Пахтакор” 65 очко билан пешқадамлигини янада мустаҳкамлади. “Локомотив” кумуш медал учун вазиятни ҳарқалай қўлдан чиқармади – 42 очко тўплади. Асосан учинчи ўрин учун курашаётганлар сафида “Сўғдиёна” биринчига чиқиб олди – 38 очко билан. Қолган ўринлар қуйидагича кўриниш олган: 4.”Бунёдкор” 36 очко, 5.”Насаф” 32, 6.”Сурхон” 32, 7.”Навбаҳор” 31, 8.”Металлург” 28, 9.АГМК 26, 10.”Андижон” 24, 11.”Қўқон-1912” 23, 12. “Қизилқум” 23, 13.”Бухоро” 19, 14.”Динамо” 18 очко.

3 319
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА