ЎзА Ўзбек

17.09.2018 17:48 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Про-лиганинг бир-бирига ўхшамаган “қиёфалари”

ФУТБОЛ: Про-лиганинг бир-бирига ўхшамаган “қиёфалари”

Про-лиганинг иккала гуруҳида ҳам 25-тур ўйинлари бўлиб ўтди ва иккаласида ҳам бир-бирига ўхшамаган натижалар қайд этилди. “А” гуруҳидаги уч ўйинда мезбонларнинг ғалабаси кузатилган бўлса, “В” гуруҳида худди шундай натижанинг акси юз берди.

“А” гуруҳида айниқса иккита ўйиннинг натижаси кўпчиликни қизиқтирарди. Суперлигага чиқишга ҳаракатни кечроқ бўлса-да астойдил бошлаган “Динамо” жамоаси кутилмаганда ўз майдонида “Шўртан”га имкониятни бой бериб қўйди. Ғузорликлар мавсум бошида кучлилар қаторидан жой олишни мақсад қилишди-ю, лекин мағлубиятлар, очко йўқотишлар уларнинг олий режасини кейинги йилга қолдиришга тақозо эта бошлаганди. Шундай бўлса-да, Ёрқин Назоров ва яна бир гуруҳ мутахассислар иш бошлаган иккинчи даврадан жамоа яна муваффақиятларни қўлга кирита бошлади. Самарқандда ҳам шундай кайфият давом этди. Ҳарчанд уринишмасин, самарқандликлар ютишни эмас, ҳатто ҳисобни тенглаштиришнинг ҳам уддасидан чиқа олишмади. Суперлигага йўлланма олишни ҳаммадан ҳам кўпроқ истаётган “Сурхон”нинг кейинги вақтларда қандай ўзгаришларни амалга ошираётганлигидан хабардорсиз. Нима бўлса ҳам кучлилар қаторига қўшилишни мақсад қилаётган жамоа муборакда йирик ҳисобда мағлубиятга учраб ўтирибди. “Машъал”нинг Суперлига жамоалари қаторидан ўрин олиши ўринли бўларди аслида, сабаби, Муборакда аввалдан футболга профессионал даражада ёндашилади, яратилган шароитлар ҳам шунга яраша. Стадион дейсизми, футбол академиясими, ҳаттоки футболчилар яшайдиган қароргоҳ ҳам чинакам профессионалликдан далолат беради. Худди шундай шароит “Шўртан”да ҳам кузатилади. Булар бизнинг мулоҳазамиз холос, асли қандай бўлишини эса ўйинлар натижаси ва якуний вазият кўрсатади.

Ўйинларга қайтсак, “Истиқлол”нинг “Хоразм”, “Норин”нинг эса “Орол” устидан зафар қучишларига биров шубҳа қилмаганди ҳам.

“В” гуруҳидаги ўйинлар олдиндан ғаройиб таассуротлар қолдирган бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича қоляпти. Қайсидир клуб бу гал ўз майдонида кучсиз жамоага йирик ҳисобда мағлубиятга учраса, кейинги турда сафарда кучли клубни янада йирикроқ натижаларда мағлуб этиб қайтяпти. Бундан қандай хулоса чиқаришга ҳайронсан киши. Айтайлик, “Лабса” ўзидан юқори турган “Ифтихор”ни йирик ҳисобда мағлуб этди, хўп, ўз майдонида бунга ҳақли эди, дейлик ҳам, “Ёзёвон”нинг ўзидан пастки ўринларда турувчи “Зомин” жамоасига ўз уйида худди шундай йирик ҳисобда енгилганига нима дейсиз? Ҳа, нима бўлганда ҳам буни футбол дейдилар, футболда эса айнан қандай натижа қайд этилиши кафолатланмаган.

25-турда қайд этилган натижалар:

“А” гуруҳи

“Норин” – “Орол” – 1:0
“Динамо” – “Шўртан” – 1:2
“Машъал” – “Сурхон” – 3:0
“Истиқлол” – “Хоразм” – 5:0

“В” гуруҳи

“Ёзёвон” – “Зомин” 0:3
“Хотира79” – “Нурафшон” - 1:2
“ЛокомотивБФК” – “Шердор” - 0:1
“Лабса” – “Ифтихор”- 3:0

25-турдан кейин “А” гуруҳида “Андижон” жамоаси 42 очко билан пешқадамлик қиляпти. “Машъал” жамоаси 39 очко билан иккинчи, “Истиқлол” эса 38 очко билан учинчи ўринда боряпти. Тўртинчи ўринда бораётган “Сурхон” ҳам ҳали кучлилар қаторига қўшилишдан умиди сўнгани йўқ – 37 очкоси бор. “Динамо” (30 очко), “Шўртан” (27 очко), ва “Хоразм” (26 очко) да вазият бироз қийинроқ. “Норин” (18 очко) ва “Орол” (13 очко) аллақачон аутсайдер номини олиб бўлган.

“В” гуруҳи жадвалини ҳар доимгидек “Нурафшон” жамоаси бошқармоқда. Унинг ихтиёрида 44 очко бор. “Шердор” нурафшонликлардан атиги икки очкога ортда қоляпти. Учинчи ўринда бораётган “Ғиждувон” 37 очко жамғарган. “Ёзёвон”да 36, “Зомин”да 35, “Лабса” ва “Ифтихор”да 30 очкода мавжуд. Турнирнинг энг қуйи паллалари эса “Хотира-79” (22 очко) ва “Локомотив-БФК” (13 очко) жамоаларига тегишли бўлиб турибди.

Навбатдаги 26-тур ўйинлари 23-24 сентябрь кунларига белгиланган.

О. Юнусов, ЎзА
3 257