ЎзА Ўзбек

07.08.2018 16:25 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Про-лигада техник натижалар қайд этилди

ФУТБОЛ: Про-лигада техник натижалар қайд этилди
Мамлакат миллий чемпионатининг Pepsi Superligaсида ишлар анча изига тушиб олди. Бироқ собиқ биринчи лига мақомини берувчи Про-лигада ҳали барчаси мақтагудек эмас.

Авваллари тез-тез гувоҳи бўлганимиз – жамоаларга қайсидир ишлари учун техник мағлубият ёки ғалаба тақдим этиш каби масалалар яна кўтарила бошланди. 

Про-лиганинг бўлиб ўтган 19-тур учрашувларида иккита ўйинда техник натижа кузатилди. “Норин” ва “Ёзёвон” жамоаларига техник мағлубият, уларга қарши майдонга тушиши лозим бўлган “Динамо” ва “Хотира-79” жамоаларига техник ғалаба ёзилди. Сабаби, Наманганнинг Норин ҳамда Фарғонанинг Ёзёвон туманлари шарафини ҳимоя қилувчи жамоалар ЎзПФЛга 2018 йилги биринчиликда қатнашиш учун белгиланган аъзолик бадалларини тўлиқ тўла олмаган. Ваҳоланки, уларнинг олдида бу йилги мусобақанинг биринчи давраси, шунда ҳам улгурмаса оралиқ танаффус вақтида барча масалаларга ойдинлик киритиб олиш имконияти бор эди. Бироқ ЎзПФЛ томонидан қанчалик огоҳлантиришларига қарамай, юқорида тилга олинган клублар бундан фойдалана олишмади. Аксинча, ўйин бошланишига саноқли соат ва дақиқалар қолганда ҳам “илтимос билан иш битирамиз, қаерга боришарди, барибир рухсат беради-да”, дея хотиржамликка берилишди. ЎзПФЛ томонидан учрашувларга бириктирилган комиссарлар эса “қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ” қабилида иш тутишиб, учрашув ўтказилишига рухсат беришмади.

Узоқ давом этган ёзги танаффусдан қайтган жамоалар 19-тур ўйинларида майдонга тушишди. “А” гуруҳида марказий учрашув дея “Андижон” ва “Машъал” жамоалари ўйини тан олинди. Ҳақиқатдан ҳам, кучлилар сафига интилаётган мазкур жамоалар учун ҳар бир баҳс муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бу ўйин ўзаро учрашув бўлса. Андижонда мезбонлар зафар қучишди ҳамда пешқадамликка кўтарилиб олишди. Биринчи давра якунига кўра бир хил очко жамғарган “Сурхон”, “Андижон” ва “Машъал” жамоалари орасида термизликлар тўплар нисбатига кўра энг юқорида туришганди. Бу турда “Сурхон”нинг дам олганидан фойдаланган андижонликлар биринчи ўринга чиқиб олишди.

“В” гуруҳида эса Тошкент вилоятининг “Нурафшон” жамоаси яқин таъқибчиларини каттагина фарқ эвазига ортда қолдиришда давом этяпти. Нурафшонликлар иккинчи давранинг илк ўйинида ўз майдонида “Ифтихор” жамоасини йирик – 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Кутилмаган ўйин сифатида “Зомин” – “Лабса” баҳсини келтириш мумкин. Зоминликлар ўз уйларида “Лабса” жамоасига йирик ҳисобда имкониятни бой беришди – 0:3. 

19-турда қайд этилган натижалар:

“А” гуруҳи

“Шўртан” – “Хоразм” – 3:2
“Орол” – “Истиқлол” – 1:1
“Андижон” - “Машъал” – 2:1
“Норин” – “Динамо” - -:+
“В” гуруҳи
“Нурафшон” – “Ифтихор” – 5:1
“Зомин” – “Лабса” – 0:3
“Ғиждувон” – “Локомотив-БФК” – 2:1
“Ёзёвон” – “Хотира-79” - -:+.

20-тур ўйинлари 9-10 август кунларига белгиланган.

О. Юнусов, ЎзА
5 578