ЎзА Ўзбек

30.07.2018 00:23 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: “Навбаҳор” стадиони бу гал ҳам бошқаларга ўрнак бўлди

ФУТБОЛ: “Навбаҳор” стадиони бу гал ҳам бошқаларга ўрнак бўлди Шанба ва якшанба кунлари мамлакат миллий чемпионати Pepsi Суперлигасининг 19-тур доирасида бирнечта ўйинлар ўтказилди. Турнинг марказий учрашуви сифатида “Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги баҳс кузатилди.

Стадионларга томошабинлар ташрифи бўйича Республикада олдинги ўринларда турадиган “Навбаҳор” стадиони бу гал ҳам бошқаларга ўрнак бўлди. Ўз севимли жамоасининг чемпионат пешқадамига қарши курашини йигирма мингдан ортиқ наманганлик мухлис қўллаб-қувватлаб турди. Ва айнан шу омил мезбонларнинг кучли рақиб устидан ғалабасини таъминлаган бўлса не ажаб.

Яқинда Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ишлаган Наваф Шукралла бошчилигидаги баҳрайнлик ҳакамлар бошқарган учрашувда ҳар иккала томон фаоллик кўрсатишди. Хавфли вазиятлар иккала томондан ҳам кўп бора такрорланди, фақат улардан фойдаланиш бир бор мезбонларга насиб этди. Мавсумнинг биринчи даврасини “Насаф”да ўтказган Игорь Голбаннинг 52-дақиқада киритган голи учрашув тақдирини ҳал этди. Бу билан “Пахтакор”нинг турнир жадвалидаги мавқеига таъсир бўлмади, лекин “Навбаҳор” бир кунга бўлсада учинчи ўринга кўтарилиб олишга муяссар бўлди.

Игорь Голбаннинг айни пайтда”Насаф”да қадри билиняпти. Агар “Насаф”даги молиявий муаммолар бош кўтармаганида Голбан Қаршини тарк этмаган, “Насаф” эса бунчалик қийин аҳволга тушиб қолмаган бўлиши турган гап эди. Бешта турда аранг битта ғалабани таъминлаган қаршиликлар ўз майдонида олмалиқликларга битта эмас, иккита тўп фарқига имкониятни бой бериб қўйишди. Музаффар Музаффаров ва Зоҳир Пиримовлар жамоадошлари жонига оро бўлишди.

“Нефтчи” ҳар доимгидек очко йўқотиш сериясини давом эттирди. Исломбек Исоқжоновнинг ягона голи “Металлург”га уч очко келтирди.

“НАВБАҲОР” — “ПАХТАКОР” - 1:0

Гол: Игорь Голбан (52).

“МЕТАЛЛУРГ” — “НЕФТЧИ” - 1:0

Гол: Исломбек Исоқжонов (70).

“НАСАФ“ - АГМК - 0:2

Голлар: Музаффар Музаффаров (49), Зоҳир Пиримов (62).

Тур ўйинлари 29 июл куни яна давом этди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:

Pepsi Суперлига. 19-тур.

29 июль (якшанба)

“Қўқон-1912” — “Сўғдиёна”2:1

“Қизилқум” – “Бухоро” 0:1

Локомотив-Бунёдкор 3:1

ЎзА
3 453