ЎзА Ўзбек

18.08.2018 15:11 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: уюшмаган ёшлар беллашмоқда

ФУТБОЛ: уюшмаган ёшлар беллашмоқда
Тошкент шаҳрида уюшмаган ёшлар ўртасида футбол бўйича "Чарм тўп" футбол мусобақасининг мамлакат босқичи бошланди.

"Чарм тўп" мусобақаси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, миллий олимпия қўмитаси, футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилди.

Олимпия тизимида ўтказиладиган мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояти, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Навоий, Жиззах, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё вилояти жамоалари ўзаро рақобатлашмоқда.

Мусобақа маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида футболни янада оммалаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётир. 

– Маҳалламизда ёшларга спорт билан шуғулланиш учун барча зарур шароит яратиб берилган, – дейди Навоий вилоятининг "Ибн Сино" жамоаси дарвозабони Жавоҳир Мавлонов. – Мазкур турнирнинг финал босқичида иштирок этишимиз жамоамизнинг тинимсиз машқлари мевасидир. Насиб қилса, мазкур мусобақа кубогини бошимиз узра баралла кўтарамиз. Бироқ бунга қадар бизни жиддий ўйинлар кутиб турибди.

"Чарм тўп" мусобақасининг финал учрашувлари 20 август куни "Миллий" стадионида бўлиб ўтади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
7 444