ЎзА Ўзбек

05.09.2019 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: “Истиқлол” “тахт”ни тарк этди, “Машъал” пешқадам

ФУТБОЛ: “Истиқлол” “тахт”ни тарк этди, “Машъал” пешқадам

Бу воқеа иккала жамоанинг Фарғонада бўлиб ўтган ўзаро учрашувидан сўнг юз берди.

Кеча, Про А лиганинг 18-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда марказий учрашув мақомини олган “Истиқлол” ва “Машъал” жамоалари ўртасидаги ўйин ростдан ҳам кескин, муросасиз курашлар остида ўтди.

Мавсум бошидан буён уч жамоа – “Машъал”, “Шўртан” ва “Истиқлол” жамоалари бир-бирлари билан “пойга” ўйнаб келяпти. Ҳар учаласи ҳам галма-галдан карвонбошилик нашидасини суришмоқда. Бир тур бўлса-да, ҳаттоки “Хоразм” жамоаси ҳам биринчи поғонани “татиб кўрган”. Қолган турларда фақат “Хоразм” тўртинчи поғонадаги ўрнини ҳеч ким билан алмашмай келди, юқоридаги жамоалар эса ўрин алмашиб туришди.

Кечага турдан кейин “шохсупага” яна “Машъал” кўтарилди.

Муборакликлар сафарда тўп суришларига қарамай, асосий рақиблари – “Истиқлол” жамоасини мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди. Ваҳоланки, деярли ўйин якунига қадар ҳисоб очилмаганди. Беш дақиқа қолганида эса Мўминжон Мелиевнинг голи меҳмонларга муҳим ғалабани тақдим этди. “Хоразм” ҳам сафардан бир очко билан қатди – “Оқ-тепа”га қарши кечган ўйинда 3:3 ҳисоби қайд этилди. Самарқанднинг “Шердор”ини қабул қилган “Шўртан” йирик ҳисоб билан ғалаба қозонди. Фарғона вилояти дербиси – “Ифтихор” ва “Нефтчи” учрашувида олтиариқликлар мағлубиятли серияларини давом эттиришди...

18-турда қайд этилган натижалар:

4 сентябр (чоршанба)

“ОҚ-ТЕПА” – “ХОРАЗМ” - 3:3
Голлар: Павел Пуришкин (30, 80), Билолхон Тошмирзаев (71) - Муҳаммадқодир Раҳимберганов (20, 26)), Сарварбек Жуманиёзов (74-пен.).

“ИСТИҚЛОЛ” – “МАШЪАЛ” - 0:1
Гол: Мўминжон Мелиев (85)

“ШЎРТАН” – “ШЕРДОР” - 5:0
Голлар: Жасур Холтўраев (27, 44, 61), Маъруфхон Муродов (45), Фарход Намозов (66)

“ИФТИХОР” – “НЕФТЧИ” - 1:3
Голлар: Улуғбек Исмоилжонов (49), Исломбек Каримов (62-пен.) Дилмухаммад Худойбердиев (63, ўз дарвозасига) – Асилбек Ғойибжонов (83).

18-турдан кейин турнир жадвалини “Машъал” жамоаси 37 очко билан бошқариб турибди. Иккинчи ва учинчи ўринларда бораётган “Шўртан” ва “Истиқлол” жамоаларида 36 очкодан мавжуд. Совринли ўринлар учун яна учта жамоа кураш олиб боряпти – “Нефтчи” (30 очко), “Хоразм” (28 очко) ва “Оқ-тепа” (27 очко). “Шердор” ва “Ифтихор” жамоалари эса 8 ва 5 очко билан сўнгги қаторларни банд этишган.

Чемпионат тўпурарлари рўйхатида “Шўртан” вакили Шерзод Темиров 12 та голи билан биринчи ўринда боряпти. Сардор Сотволдиев (“Истиқлол”) ва Сарвар Жуманиёзов (“Хоразм”) ихтиёрларида 9 тадан гол бор.

Про А лиганинг навбатдаги 19-тур ўйинлари 11 сентябрь кунига белгиланган.

6 151
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА