Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 11:47 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Икки таркибли олимпиячиларимизнинг бири Тошкентда, иккинчиси эса Вьетнамда

ФУТБОЛ: Икки таркибли олимпиячиларимизнинг бири Тошкентда, иккинчиси эса Вьетнамда
Индонезия пойтахти Жакартада ўтадиган XVIII Осиё Ўйинларининг бошланишига ҳам икки ҳафтадан кам вақт қолди.

18 августдан 2 сентябрга қадар ташкиллаштириладиган йирик мусобақанинг футбол баҳсларида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси иштирок этади. Олимпиячиларимиз Осиё Ўйинларига сўнгги тайёргарликни ўтказиш учун Тошкентда йиғинга киришди. 9 август кунига қадар давом этадиган йиғин доирасида ўртоқлик учрашувлари уюштириш ҳам кўзда тутилган. Йиғин ниҳоясида эса мураббийлар штаби Осиё ўйинларига борадиган якуний таркибни аниқлаб олади.
Йиғинда иштирок этаётган номзод футболчилар:

Дарвозабонлар - Ботирали Эргашев (“Навбаҳор”), Умиджон Эргашев (“Насаф”), Раҳим Давронов (“Машъал”).

Ҳимоячилар - Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Ислом Қобилов ( учаласи ҳам “Бунёдкор”дан), Аббос Отахонов (“Металлург”), Достонбек Турсунов («Нефтчи»), Ҳожиакбар Алижонов (“Пахтакор”).

Ярим ҳимоячилар - Одил Ҳамробеков, Дониёр Нарзуллаев, Шароф Муҳиддинов (учаласи ҳам “Насаф”дан), Жавоҳир Сиддиқов (“Қўқон-1912”), Жасур Яхшибоев, Жалолиддин Машарипов (иккаласи ҳам “Пахтакор”дан), Азиз Турғунбоев (“Навбаҳор”), Хуршид Ғиёсов (“Бунёдкор”), Икром Алибоев (“Локомотив”), Достон Ҳамдамов (“Анжи”, Россия), Ҳусниддин Ғофуров (“Нефтчи”).
Ҳужумчилар - Андрей Сидоров (“Нефтчи”), Забиҳулло Ўринбоев (“Металлург”), Бобир Абдухолиқов (“Насаф”).

Ушбу йиғинга “Насаф” вакили Азиз Ғаниев ҳам жалб қилинганди. Аммо терма жамоамиз ярим ҳимоячиси жароҳати сабабли Осиё ўйинларини ўтказиб юборадиган бўлди. 

Олимпиячиларимизнинг Р.Ҳайдаров устозлигидаги бир қисми Тошкентда йиғин ўтказаётган бўлса, яна бир қисми Суннатилло Абдурасулов раҳбарлигида халқаро йиғин доирасида Вьетнамда ташкил этилган халқаро турнирда қатнашмоқда.

1997 йил ва ундан кейин туғилган футболчилардан ташкил топган мазкур таркиб "Vinaphone-2018" халқаро мусобақасининг илк турида Уммон олимпия терма жамоасига қарши майдонга тушиб, дуранг қайд этишди – 0:0. Бироқ футболчиларимиз иккинчи ўйинда Фаластин олимпия терма жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди.

Вьетнамдаги халқаро мусобақа Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод бўлган футболчиларни синовдан ўтказиш, уларга халқаро ўйинлар тажрибасини тақдим қилиш ва саралаб олиш вазифасини бажариб беради. 

Вакилларимиз мусобақадаги сўнгги ўйинни 7 август куни турнир мезбони Вьетнамга қарши ўтказишади.
Вьетнам турнирига жалб этилган футболчилар таркиби қуйидагича:

Дарвозабонлар - Дилшод Ҳамраев (“Навбаҳор”), Сарвар Каримов (“Қўқон-1912”).

Ҳимоячилар - Илҳом Алижонов, Шерзод Насруллаев (иккаласи ҳам “Насаф”дан), Иброҳим Абдуллаев (“Сурхон”), Эргаш Исмоилов (“Бухоро”), Дониёр Ҳошимов (“Металлург”), Ойбек Рустамов (“Қўқон-1912”).

Ярим ҳимоячилар - Аброрбек Исмоилов (“Нефтчи”), Санжар Қодирқулов, Фарруҳ Икромов, Абдулла Абдуллаев (учаласи ҳам “Бунёдкор”дан), Сардор Азимов, Нурилло Тўхтасинов (иккаласи ҳам “Сўғдиёна”дан), Суҳроб Нуруллоев, Иброҳим Йўлдошев (иккаласи ҳам “Металлург”дан), Жаҳонгир Аҳмадов (“Пахтакор”), Азизбек Амонов (“Локомотив”).

Ҳужумчилар - Жасур Холтўраев (“Шўртан”), Акобир Тўраев (“Бухоро”).

О. Юнусов, ЎзА