ЎзА Ўзбек

17.08.2018 15:02 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: икки ойда Тошкентда тўртта халқаро ўртоқлик учрашуви

ФУТБОЛ: икки ойда Тошкентда тўртта халқаро ўртоқлик учрашуви
Август ойи Миллий терма жамоамиз учун анча самарали келди. Биринчидан, бош жамоамизга кўп ойлик танаффусдан кейин ниҳоят хориждан бош мураббий тайинланди, иккинчидан, мухлислар миллий терма жамоамиз иштирокида халқаро ўртоқлик учрашувлари гувоҳи бўлишдек хабарлардан воқиф бўлишди.

Бир неча кун олдин миллий термамизнинг сентябрь ва октябрь ойларида Сурия, Шимолий Корея ҳамда Қатар термалари билан ўйин ўтказиши эълон қилинганди. Унга кўра, футболчиларимиз Сурия билан 6 сентябрда, КХДР билан 13 октябрь ҳамда Қатар билан 16 октябрь кунлари ўзаро куч синашиши белгиланганди. Кеча эса олиб борилган музокаралардан сўнг қитъанинг етакчиларидан ҳисобланган Эрон термаси билан ҳам келишувга эришилди. Эктор Купер шогирдларининг “Осиё йўлбарслари” билан ўртоқлик учрашуви 11 сентябрга режалаштирилди.

Энг муҳими, бу ўйинларнинг бари Тошкентда ташкиллаштирилади. Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа учун яна ўртоқлик учрашувларини ташкил қилиш борасида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. ЎФА Халқаро алоқалар бўлими томонидан ноябрь ойидаги ФИФА кунларида ўртоқлик ўйинлари ўтказиш учун яна бир қатор терма жамоалар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Ойбек Юнусов, ЎзА
5 619