ЎзА Ўзбек

06.09.2018 10:46 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: голларга “бой” бўлган тур

ФУТБОЛ: голларга “бой” бўлган тур

4 ва 5 сентябрь кунлари мамлакат биринчилиги – Про-лиганинг 24-тур ўйинлари бўлиб ўтди ва уларда дарвозаларга голлар шодалари киритилди.

“А” гуруҳида ўтказилган ўйинларнинг ярмида турнир жадвалининг юқори қисмида бораётган жамоалар хоҳ уйда ўйнашсин, хоҳ сафарда бўлсин очко йўқотишди. Пешқадам “Андижон” “Орол” майдонида дуранг ўйнади. Аслида Супер-лигани кўзлаётган андижонликлардан мухлислари фақат ғалаба кутишаётганди, ҳарқалай нукусликлар бу мавсумни кўнгилдагидек ўтказишмаётган аутсайдер сифатида шундай хулоса чиқаришга тўғри келаётганди. Бироқ пенальтидан гол уриб, ҳисобда олдинга чиқиб олган мезбонлар иккинчи бўлимда ўз дарвозаларидан айнан пенальтидан гол ўтказиб юборишди ва дурангга рози бўлишди. Турган гапки, дуранг мезбонларга маъқул келди, меҳмонларга эмас.

Супер-лигага даъвогар иккинчи жамоа – “Сурхон” ҳам ўз майдонида дуранг ўйнаб қўйди. Ягона мақсад йўлида астойдил ҳаракат қилаётган термизликлар таркибни кучайтиришди, футболга бўлган муносабатни ҳам тубдан кўтаришди. Бироқ “Динамо”нинг тўсиғидан ўта олишмади. Ваҳоланки, самарқандликлар биринчи босқични кўнгилдагидек ўтказишмаган, очколар бўйича етакчилардан анча ортда қолган эди. Шундай бўлса-да, иккинчи босқичда “отга қамчини роса” босишяпти, бу кетишди, ким билади, “Динамо” барчани қувиб ўтиб, “улоқни илиб кетадими”. Лекин бу осон эмас. Негаки, мақсадга етиш учун биргина ўзининг ютуқлари кифоя эмас, таъқибчи рақиблар ҳам анча очко йўқотишлари талаб этилади. “Андижон” ва “Сурхон” эса осонгина таслим бўладиганлардан эмас...

Юқори ўринларда бораётган биргина “Машъал” сафарда тўп суришига қарамай ғалаба қозона олди. Муборакликлар Урганчда маҳаллий “Хоразм” жамоасини мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди ва турнир жадвалининг учинчи поғонасига кўтарилиб олишди. Кучли учликка чиқиб олган “Истиқлол” эса бу турда дам олгани учун яна бироз пастлашга мажбур бўлди.

Шу тариқа “Андижон” 24-турдан кейин 42 очко билан ҳамон пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда бораётган “Сурхон”да 37, учинчи поғонадаги “Машъал”да эса 36 очко бор. “Норин” ва “Орол” жамоалари 15 ва 13 очко билан турнир жадвалининг қуйи поғоналарини эгаллаб туришибди.

Про-лиганинг “В” гуруҳида ҳам бор антиқа натижали ўйинлар. Мисол учун “Ифтихор” ва “Локомотив-БФК” баҳсини олайлик. Олтиариқликлар ўз майдонида анча-мунчасига “бўйин эгадиганлардан” эмас, ҳатто гуруҳ етакчисини ҳам мағлуб этишнинг уддасидан чиқишган. Бироқ турнир аутсайдерига қарши ўйинда майдон эгалари 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Қолган уч ўйинда мезбонларнинг яққол устунлиги қайд этилган натижаларда ўз аксини топди: “Шердор”-“Хотира-79” – 8:2, «Нурафшон»-«Ёзёвон» – 6:0, «Зомин»-«Ғиждувон» – 4:0.

Шу тариқа 24-турдан кейин турнир жадвалини “Нурафшон” жамоаси 41 очко билан бошқариб бормоқда. “Шердор” 39 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиб олган бўлса, ўз ўрнини бўшатган “Ғиждувон”да 37 очко бор. Жадвалнинг пастидаги “фахрли ўринлар” эса “Хотира-79” (22 очко) ва “Локомотив-БФК” (13 очко) тегишли бўлиб турибди.

Навбатдаги тур ўйинлари 12 ва 13 сентябрь кунларига белгиланган.

ЎзА
7 681