ЎзА Ўзбек

08.08.2018 16:38 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Гап натижада эмас, тажриба орттиришда

ФУТБОЛ: Гап натижада эмас, тажриба орттиришда
Равшан Ҳайдаров устозлигидаги Олимпия терма жамоамиз Тошкентда, олимпиячиларимизнинг иккинчи таркиби эса Вьетнамда ўқув-машғулот йиғини ўтказаётгани ҳақида аввал хабар берганмиз.

Тошкентдаги йиғин белгиланган тартибда давом этмоқда. Олимпиячиларимиз йиғиннинг сўнгиси сифатида бугун мамлакат Суперлига вакили “Металлург” жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Шу ўйиндан сўнг терма жамоамизнинг Осиё Ўйинларига борувчи асосий таркиби аниқлаб олинади. Терма жамоамиз Осиё Ўйинларида қатнашиш учун эса эртага, соат 21:00 да Индонезияга жўнаб кетади. 

Эслатиб ўтамиз, Равшан Ҳайдаров шогирдлари Осиё Ўйинларида ўз гуруҳида Бангладеш, Қатар ва Таиланд термаларига қарши кураш олиб боради. Ўйинлар 14, 16 ва 19 август кунларига белгиланган.

Равшан Ҳайдаров ва унинг жамоаси Тошкентда шуғулланаётган бир пайтда Олимпия терма жамоамизнинг иккинчи таркиби, яъни Олимпия термасига номзод футболчилар Суннатилло Абдурасулов бошчилигида Вьетнамдаги халқаро мусобақада иштирок этишди. Ҳамюртларимиз мусобақани Уммон термасига қарши бошлашиб, 1:1 ҳисобидаги дурангга рози бўлишганди. Иккинчи учрашувда эса кутилмаганда фаластинликларга имкониятни бой бериб қўйишди. Ва сўнгги ўйинини мезбонларга қарши ўтказган футболчиларимиз бу ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этишди – 1:1. Шу тариқа, уч ўйиндан икки очко тўплаган ҳолда, мусобақанинг умумий жадвалида 2 очко билан 3-ўринни эгаллади. 

Аввал таъкидлаганимиздек, халқаро мусобақада қатнашишдан мақсад натижа эмас, балки тажриба орттириш, Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод бўлган футболчиларни синовдан ўтказиш, уларга халқаро ўйинлар тажрибасини тақдим қилиш ва саралаб олишдан иборат эди.

О. Юнусов, ЎзА
9 498