ЎзА Ўзбек

28.01.2019 Чоп этиш версияси

Футбол: эртага Фарғонада “Ҳоким кубоги” старт олади

Футбол: эртага Фарғонада “Ҳоким кубоги” старт олади
Кўп йиллардан буён мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур мусобақада бу йил 18та жамоа иштирок этади

Фарғонада кўп йиллардан буён “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаси ўтказилиши анъанага айланиб улгурган. Ҳар мавсумнинг эрта баҳорида ташкил этиладиган мазкур турнир асосан водийнинг мамлакат Супер ва Про лигаларида иштирок этувчи клублари учун мавсумолди тайёргарлик вазифасини бажарса, ҳаваскор жамоалар учун эса тажриба орттириш, ихтиёридаги моҳир ўйинчиларини усталар жамоаларига тавсия этиш учун қулай вазият бўлиб келган. Турнирда нафақат водий, балки бошқа ҳудудлардан, ҳаттоки хориж давлатларидан ҳам жамоаларнинг қатнашиши (бу йил бундан мустасно) одатга айланмоқда.

Мазкур мусобақа бу йил ҳам айнан мавсум олдидан ташкил этилмоқда. Фарғона вилоят футбол ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилаётган турнирда бу йил 18та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашадиган бўлди. Булар:

“А” гуруҳи: “Истиқлол“ (Фарғона), “Турон“ (Ўзбекистон т.), “ЎзТонгХонгКо“ (Андижон), “Нефтчи“ (Фарғона), “Қўқон-1912“ U-21 (Қўқон)

“В” гуруҳи: “Цементчи“ (Қувасой), “Локомотив-2“ (Тошкент), “Шердор“ (Самарқанд), “Қўқон-1912-1“ (Қўқон), “Зафар“ (Учкўприк)

“С” гуруҳи: “Ифтихор“ (Олтиариқ), “Нефтчи“ U-18 (Фарғона), “ФарДУ“ (Фарғона),“Футбол академия“ (Фарғона)

“D” гуруҳи: “Ёзёвон-Лочинлари“ (Ёзёвон), “Раш-Милк“ (Шаҳрихон), “ЎзДонгЯнгКо“ (Андижон), “Дўстлик“ (Марғилон).

Ўз гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўлланма олади. 

Мусобақа эртага, 29 февраль куни старт олади. Финал ўйини 9 февралга белгиланган.



6 921
Ойбек Юнусов, ЎзА