ЎзА Ўзбек

25.08.2018 10:01 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Эктор Купер терма жамоа йиғинига кимларни таклиф этди?

ФУТБОЛ: Эктор Купер терма жамоа йиғинига кимларни таклиф этди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эктор Купер бошчилигида 22 августдан буён пойтахтдаги “Жар” стадионининг машғулотлар майдонида ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда.

Хорижлик мутахассиснинг илк йиғиндан кўзланган асосий мақсади футболчилар билан яқиндан танишиш, миллий термага номзод футболчиларнинг хатти-ҳаракатини кузатиш ва албатта, машғулотларга зўр беришдан иборат бўлмоқда.

Купер қўл остида футболчилар асосан тўп билан кўпроқ шуғулланмоқда. Эктор Купернинг ёрдамчилари Антонио Сариоглу ва Маҳмуд Фаёз Муҳаммад жисмоний тайёргарлик бўйича жавобгар бўлса, Миср терма жамоасидаги ассистенти Хосе Карлос Фантагуцци тактик таҳлил бўйича масъулиятни ўз зиммасига олган. Мураббийлар штабида маҳаллий мутахассисдан фақат дарвозабонлар бўйича Денис Иванков ишламоқда. Денис гарчи Ўзбекистонда туғилган, футболчилик фаолиятининг асосий қисми Ўзбекистон клубларида ўтган, айни пайтда эса “Насаф” клубида иш олиб бораётган бўлса-да, Италия фуқароси саналади. Демак, ҳозирча мураббийлар штабида чинакам маҳаллий мутахассис кўринмаяпти. Аммо мураббийликдан бошқа соҳалар вакиллари ўзимиздан. Яъни, терма жамоа массажчилари Абдулла Ризбоев “Бунёдкор“дан, Андрей Безбородов “Насаф”дан таклиф этилган. Жамоа шифокорлари тажрибали Аброр Пирриев ҳамда Музаффар Худойбердиев “Локомотив”дан чақирилган. Маъмур вазифасини ҳам “Локомотив“ ходими Бахтиёр Исмоилов бажармоқда.

857ab737-f218-4ccc-8151-4f4e3821d87b.jpg

– Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган барча учрашувларини кўриб чиқдим. Шунингдек, бу йил ўтказилган ўртоқлик учрашувларининг видеоёзувини ҳам ёрдамчиларим билан таҳлил қилдик. Ана шу учрашувларда қатнашган футболчиларни дастлабки йиғинга таклиф қилишга қарор қилдик. Йиғин давомида футболчилар билан яхшироқ танишиб, улар ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўламиз. Шундан келиб чиқиб миллий терма жамоанинг асосини шакллантириб борамиз. Йиғинга чақирилди, деганда асосий таркибдан жой кафолатланди, дегани эмас. Йиғин давомида бизни қониқтирмаган футболчиларга жавоб бериб юборилади. Шунингдек, Ўзбекистон Суперлигаси учрашувларини мунтазам кузатиб бориш орқали, миллий чемпионатдан ҳам футболчилар келаси йиғинларга таклиф қилинади. Бунинг устига, Олимпия терма жамоасида тўп сураётган футболчилар бор. Улардан ҳам миллий терма жамоага бир қатор футболчиларни чақирамиз. Термага таклиф қилинган футболчи менинг услубимга мос келиши керак, – дейди Эктор Купер.

5cfc0cd1-0bc8-4658-8430-393e744d3d91.jpg

Хабарингиз бор, миллий терма жамоамиз сентябрь ойининг ўзида Тошкентда иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирган. 6 сентябрда Сурияга қарши майдонга тушилса, 11 сентябрда Эрон миллий термаси меҳмон бўлади. Ана шу ўйинларга тайёргарлик кўриш мақсадида, Эктор Купер дастлабки йиғинга қуйидаги футболчиларни жалб этди. Шуни таъкидлаш жоизки, йиғиннинг дастлабки кунларида асосан маҳаллий футболчилар шуғулланади, хорижда тўп сураётган легионерларимиз эса ой охирига қадар терма жамоа ихтиёрига етиб келади. 

Демак, йиғинда иштирок этаётган футболчилар:

Дарвозабонлар:

Элдорбек Суюнов (“Пахтакор”)
Муроджон Зуҳуров (“Бунёдкор”)
Санжар Қувватов (“Насаф”)
Игнатий Нестеров (“Локомотив”)

Ҳимоячилар:

Виталий Денисов (“Криля Советов”, Россия)
Санъат Шихов (“Бухоро”)
Мурод Холмуҳаммедов (“Қўқон-1912”)
Анзур Исмоилов (“Локомотив”)
Ислом Тўхтахўжаев (“Локомотив”)
Шоҳрух Гадоев (“Тэджон Ситизен”, Ж.Корея)
Егор Кримец (“Пахтакор”)
Шуҳрат Муҳаммадиев (“Локомотив“) 
Олег Зотеев (“Локомотив”)
Шерзод Аъзамов (“Пахтакор”) 
Фарруҳ Сайфиев (“Пахтакор”)
Акмал Шораҳмедов (“Пахтакор“)

Ярим ҳимоячилар:

Одил Аҳмедов (“Шанхай СИПГ”, Хитой)
Ҳусниддин Ғофуров (“Локомотив”)
Азизбек Ҳайдаров (“Бунёдкор”)
Сардор Мирзаев (“Локомотив”)
Отабек Шукуров (“Шаржа”, БАА)
Сардор Собирхўжаев (“Бунёдкор”)
Сардор Рашидов (“Локомотив”)
Элдор Шомуродов (“Ростов”, Россия)
Санжар Турсунов (“Тэджон Ситизен”, Ж.Корея”)
Владимир Козак (“Пахтакор”)
Жавлон Иброҳимов (“Бунёдкор”)

Ҳужумчилар:

Темурхўжа Абдухолиқов (“Локомотив”)
Марат Бикмаев (“Локомотив”)
Иван Нагаев (“Қизилқум”)
Игорь Сергеев (“Пахтакор”)

Йиғинга чақирилган футболчиларнинг бари ҳам машғулотларда иштирок этаётгани йўқ. Айтайлик, Шуҳрат Муҳаммадиев “Бухоро“га қарши ўйинда жароҳат олгани боис даволаниш билан банд, дастлабки кунги машғулотларда қатнашган марказий ҳимоячи Шерзод Аъзамов бел қисмидан олган жароҳати боис клубига қайтди.

Сурия терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинига бир ҳафта қолганида терма жамоа йиғинига қўшилиши кўзда тутилган футболчилардан икки ярим ҳимоячи Вагиз Галиулин ҳамда Фозил Мусаев жароҳатлари борлиги сабаб терма жамоамизнинг илк йиғинини ўтказиб юборишга мажбур бўлмоқда.

Ойбек Юнусов, ЎзА
5 592