Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Футбол бўйича жаҳон чемпионати – кичик майдондаги катта дунё

Футбол бўйича жаҳон чемпионати – кичик майдондаги катта дунё
Россияда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди

Шу муносабат билан Россияга хорижий давлатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, ФИФА ва унинг минтақавий ташкилотлари мутасаддилари, иштирокчи давлатлар терма жамоалари аъзолари, мураббийлар, ҳакамлар, фахрий меҳмонлар, минглаб футбол мухлислари йиғилган, қўйингки, бутун дунёнинг нигоҳи у ерга қаратилган.

Бошқа спорт турларини асло камситмаган ҳолда таъкидлаш жоизки, футбол бўйича жаҳон чемпионатининг ўзгача шукуҳи, ҳаяжони, сеҳри бордай. Нега, десангиз, ҳаммамиз болалигимизда хоҳ мактабда, хоҳ маҳаллада бир марта бўлса ҳам тўп тепганмиз. Деярли ҳаммамиз болалигимизда совға сифатида тўп олганмиз. Футбол – болалигимизнинг ажралмас қисми, эски қадрдон. Шу боис, футболга қизиққан ҳар бир киши ўз Ватани терма жамоаси қатнашмаса-да жаҳон чемпионатини ҳаяжон билан томоша қилади. Ўзи мухлислик қиладиган жамоанинг ғалабасидан қувонади, мағлубиятидан хафа бўлади.

Ҳатто, футболдан халқлар, давлатлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш, дунёда тинчлик ўрнатиш йўлида ҳам муҳим восита сифатида фойдаланилгани бор гап. 2006 йилги жаҳон чемпионати пайтида БМТнинг ўша пайтдаги Бош котиби Кофи Аннан ва ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер иштирокчиларга қўшма мурожаат йўллаб, унда футболчилар ва мухлислардан Мингйиллик декларацияда илгари сурилган ривожланиш мақсадларига эришиш учун БМТнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Жумладан, мурожаатда: "Кейинги бир неча ҳафта давомида дунёдаги миллиардлаб инсонларнинг диққат-эътибори жаҳон чемпионатига қаратилишидан фойдаланиб, биз футболчилар ва барча мухлисларни мақсадларимизга эришишишда бизни қўллаб-қувватлашини сўраймиз. Келинглар, футболнинг сеҳрли кучидан ривожланиш ва тинчлик учун кураш йўлида фойдаланайлик”, деб ёзилган.

Қашқадарёлик Бурхон ака деган математика ўқитувчиси бор. Футболнинг ашаддий ишқибози. Қайси йили қайси давлат нечинчи ўринни олган, голларни кимлар нечинчи дақиқада урган, қай тарзда рақиб дарвозасига киритган – ҳаммасини аниқ айтиб беради. Айниқса, Голландия терма жамоасининг содиқ мухлиси. Қайсидир йили голландлар мағлубиятга учраганда ҳудди ўзи ютқазгандай ҳўнг-ҳўнг йиғлаганини айтганди. Шу акамиз бир куни: “Ўзим математик бўлсам ҳам, географияни сувдай ичганман. Бунинг учун футболдан миннатдорман”, деганди. Яширмайман, ўзим ҳам 2002 йили Япония ва Жанубий Кореяда ўтган жаҳон чемпионатидагина Африкада Сенегал, деган давлат борлигини билганман. Ўша йили Сенегал терма жамоаси ўзининг ажойиб ўйинлари ва ғалабалари билан бутун дунёни ҳайратга солганди.

Ҳар даврнинг ўз футбол юлдузи бўлгани сингари, ҳар бир мухлиснинг ўз футболчиси бор. Оталаримиз Марадона, Гарринчалар даврида улғайган бўлса, бизлар Роналдо, Ривалдо, Роналдиньо, Зайниддин Зидан, Тьерри Анри, Фабьен Бартез, Дэвид Бэкхэм, Майкл Оуэн, Руд ван Нистелрой, Паоло Мальдини, Оливер Кан, Ҳоқон Шукур каби ўз даврининг моҳир футболчиларининг ўйинларини кўриб вояга етдик. Бугун эса Лионель Месси, Криштиану Роналду, Муҳаммад Салоҳ, Неймар каби ўнлаб, юзлаб футбол юлдузлари ўз ўйин услубларию чиройли голлари билан футбол саҳнасида ёруғ сочмоқда.

Ҳамюртимиз Равшан Эрматовнинг 2010 йили Жанубий Африка Республикаси ва 2014 йили Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатларида кетма-кет иштирок этгани барчамизга бирдек ғурур-ифтихор бағишлаган эди. 2010 йилги чемпионатнинг очилиш маросими ва тўртта учрашувни аъло даражада бошқариб, дунёга Ўзбекистон спортчиларининг салоҳияти ва қудратини намоён этган ўзбек ҳаками Бразилиядаги мундиалда жами тўртта учрашувни муваффақиятли бошқарди. Р.Эрматов ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп – 9 учрашувни бошқариб, дунё рекордини ўрнатди.

Биз буларни нима учун санаб ўтаяпмиз? Демоқчимизки, ҳар биримизнинг ўз футбол юлдузимиз бўлган ва улардай бўлишга интилганмиз. Улар қувонса, қувонганмиз, улар йиғласа, йиғлаганмиз. Футбол кимдандир ибрат олишга, кимнингдир яхши томонини кўришга ўргатади. Футбол туйғуларни тарбиялайди.

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) томонидан ташкил этиладиган ҳар тўртйилликнинг нуфузли мусобақасида бу йил дунёнинг 209 давлатдан сараланган энг кучли 32 давлат терма жамоаси ғолиблик учун баҳслашади. Унда ФИФА рефериси Равшан Эрматовнинг ҳакамлик қилиши эса барчамизни бирдек қувонтирмоқда.

Бир ой давомида дунёнинг энг кучли терма жамоалари, энг кучли футболчилари миллионлаб мухлислар учун унутилмас лаҳзаларни ҳадя этиши шубҳасиз.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
4 563