ЎзА Ўзбек

01.10.2019 Чоп этиш версияси

Фидойи меҳнатга раҳмат

Фидойи меҳнатга раҳмат

Муболаға эмас, жамиятимиз тараққиётининг келажаги, жисмоний тарбия ва спорт ишларининг ривожи ҳамда ҳар томонлама етук авлодни вояга етказиш бевосита ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Шу сабабли мамлакатимизда устозларнинг меҳнати қадрланяпти, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Бу Хоразм вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тантанада сўзга чиққан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокир Мадаминов мамлакатимизда мўътабар зот - ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътиборини янада ошириш, уларнинг ёшларимизни жисмонан ва маънан соғлом руҳда вояга етказиш йўлида олиб бораётган масъулиятли, шарафли ва хайрли ишларига тўхталиб, қутлуғ айём билан муборакбод этди.

Шунингдек, хоразмлик спортчиларнинг мамлакатимиз миқёсидаги чемпионат ва биринчиликларида, нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қайд этаётганига ҳам эътибор қаратиб, спортчиларнинг улкан ютуқларни қўлга киритишида фидойилик кўрсатаётган воҳа спорти вакилларидан бир гуруҳини бошқарманинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирлади. Табиийки, бу рағбат хоразмлик соҳа ходимларини янги-янги марралар сари етаклайди.

3 252
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА