ЎзА Ўзбек

11.06.2019 17:25 Чоп этиш версияси

Федерациянинг собиқ раҳбари “шилқимлиги” учун ҳибсга олинди

Федерациянинг собиқ раҳбари “шилқимлиги” учун ҳибсга олинди

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат футбол федерацияси (AFF) собиқ раҳбари Керамуддин Каримни ҳибсга олиш борасида қарор қабул қилди. У аёллар миллий терма жамоаси футболчиларига шилқимлик қилишда айбланмоқда.
Афғонистон ИИВ матбуот котиби Нусрат Раҳимийнинг хабар қилишича, Керамуддин Каримни ҳибсга олиш борасидаги қарор 9 июнь куни қабул қилинди. Раҳимийнинг сўзларига кўра, AFF собиқ раҳбарининг қаердалиги ҳозирча маълум эмас. Шу билан бирга амалдорнинг ўзини ҳибсга олиш борасидаги қарорга муносабати ҳам номаълумлигича қолмоқда.
Ўша куни ФИФАнинг интизом қўмитаси амалдорни футбол билан боғлиқ фаолиятдан умрбод четлатиш борасида қарор қабул қилганди, шунингдек у 1 млн. швейцария франки миқдорида жаримага тортилди.
Ўтган йилнинг декабрида Афғонистон футбол федерацияси раҳбари ва ташкилотнинг яна беш нафар расмийлари аёллар миллий терма жамоаси ўйинчиларига нисбатан жинсий шилқимлик қилганлик айби билан ишдан четлаштирилганди. Бу борада мамлакат прокуратураси томонидан қабул қилинган қарорни «Твиттер»да федерация раҳбарининг катта маслаҳатчиси Фазел Фазли маълум қилган эди.
Жамоатчилик бу маълумотдан миллий терма жамоа сардори, кейинчалик эса АҒҒнинг аёллар департаменти раҳбари бўлиб ишлаган ва бир неча йил муқаддам Даниядан бошпана сўраган Халида Попалнинг баёнотидан сўнг хабар топганди. 
Халида Попал таҳдидлар туфайли 2016 йилда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. 2017 йил ноябрида у Британиянинг The Guardian газетасига афғонистонлик аёл футболчилар жисмоний ва жинсий зўравонлик, ўлим таҳдиди билан тўқнаш келаётгани ҳақида айтиб берган эди. «Афғонистонда бўлар эканмиз, булар ҳақда айтиш қийин, чунки улар ўта нуфузли одамлардир. Агар афғон футболчи аёли норозилик билдиргудек бўлса, уни ўлдиришлари мумкин», дея баёнот берди Халида Попал.
Афғон футболидаги можароларга мамлакат президенти Ашраф Ғани ҳам муносабат билдириб, у аёллар миллий терма жамоаси ўйинчиларининг баёнотини “даҳшатли” дея атади ва Бош прокуратурага текширув ўтказишни топширди. "Спортчиларга – у эркак бўладими, аёл бўладими ноўрин ҳатти-ҳаракатларни содир этишни қабул қилиб бўлмайди", - дея таъкидлади Ғани.

ЎзА
3 932