ЎзА Ўзбек

11.02.2019 17:59 Чоп этиш версияси

Федерацияга янги раҳбар сайланди

Федерацияга янги раҳбар сайланди

Ҳозиргина Миллий Олимпия қўмитаси анжуманлар залида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда сўз олган Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов сўнгги йилларда мамлакатимизда от спортини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, бу жараён ҳукуматимизнинг доимий назоратида эканлигини эътироф этди.

58a12d2b-0056-479f-aa25-552170dfe69e.jpg

Шу билан бирга от спортида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплиги, жумладан Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик чавандозлар иштирокини таъминлаш бирламчи вазифалардан эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Бунинг учун чавандозларга барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Шундан сўнг Конференция кун тартибидан ўрин олган асосий масалага ўтилди. Айни вақтда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси лавозими бўш турганди.

Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ушбу масъул лавозимга от спортининг ашаддий ишқибози, конкур йўналишидаги мусобақаларда кўплаб совринларни қўлга киритган ҳаваскор спортчи ва тадбиркор Феруз Абдуллаев номзодини тавсия қилди. Конференция қатнашчилари ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди.

p_54974244_result1-388x206.jpg

Ўз навбатида Ф.Абдуллаев билдирилган юксак ишонч учун миннатдорлик билдириб, келгусида мамлакатимизда от спорти ва йилқичилик соҳасини янада ривожлантириш йўлида астойдил хизмат қилишини айтиб ўтди.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
3 896