Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 14:45 Чоп этиш версияси

Фарғонада осиё ўйинлари ғолиблари тақдирланди

Фарғонада осиё ўйинлари ғолиблари тақдирланди

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида спортчиларимиз эришган ғалабалар қалбимизда ғурур-ифтихор туйғуларини янада юксалтирди.

16.JPG

Фарғоналик спортчилар ҳам Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, вакилларимиз қўлга киритган медаллар салмоғи ошишига муносиб ҳисса қўшди.

Қува туманида туғилиб ўсган Миразизбек Мирзахалилов спортнинг бокс тури бўйича олтин медални қўлга киритиб, Фарғона бокс мактаби анъаналари бардавом эканини яна бир бор дунёга намоён этди. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Элёр Мамадалиев кумуш медаль, Шоҳрух Аъзамов эса бронза медалини қўлга киритди.

Фарғонада бу ғолиб спортчиларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган маросимда мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан шуғулланишига замонавий шароитлар яратиш, халқаро миқёсда улкан ютуқларга эришган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистон туманида туғилиб, ёшлигимдан спортнинг байдарка ва каноэда эшкак эшиш тури билан шуғулланиб келаман, – дейди Э.Мамадалиев. – Осиё ўйинларида иштирок этиш жараёнида бизни қўллаб-қувватлаган халқимизнинг далдасини ҳис қилиб турдик. Эришган ютуқларимизни истиқлол шарофати, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор самараси, деб биламиз. Мана шу юксак туйғу биз, спортчиларга ўта мураккаб вазиятларда ҳам катта куч-қувват бағишлайди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан спортчилар ва уларнинг мураббийлари пул мукофоти билан тақдирланди. Спортчиларнинг ота-оналарига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси топширилди.

Тақдирлаш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА