Фарғона вилояти жамоаси финалда иштирок этади
Андижон шаҳридаги вилоят футбол академияси ўйингоҳида “Универсиада-2019” спорт мусобақаларининг футбол спорт тури бўйича ҳудудий саралаш босқичи якунига етди.
Андижон шаҳридаги вилоят футбол академияси ўйингоҳида “Универсиада-2019” спорт мусобақаларининг футбол спорт тури бўйича ҳудудий саралаш босқичи якунига етди. Унда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.
Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар ўртасида спортнинг қатор турлари оммавийлигини ошириш, маҳоратли спортчиларни аниқлаш ва уларнинг янада юқори натижаларга эришишларида мазкур спорт мусобақаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Универсиада ўйинларида тобланган юзлаб спортчиларимиз жаҳон спорт ареналарида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Универсиада спорт мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичида миллионлар ўйини ҳисобланган футбол мусобақаси қизғин курашлар остида ўтди.
Уч кун давомида айланма тизимида ўтказилган ўйинларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
Андижон вилояти – Наманган вилояти 1:3
Наманган вилояти – Фарғона вилояти 1:1
Андижон вилояти – Фарғона вилояти 1:3
Ўйинлар аслида кеча якунланган. Бироқ юзага келган можароли ҳолат ғолибни аниқлаш имконини бермади. Очко ва голлар бўйича бир хил натижага эга бўлган Фарғона ҳамда Наманган вилояти жамоаларининг ўйинлардаги кўрсаткичлари кўриб чиқилиб, ғолиб номи эълон қилинадиган эди. Лекин Наманган вилояти жамоаси таркибига сохта ҳужжатлар асосида олий ўқув юртларида таҳсил олмайдиган футболчи киритилганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат масъул ва мутахассислар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, тегишли баённома асосида Наманган вилояти жамоасига ҳар икки ўйин учун техник мағлубият ёзилди. Шундай қилиб, Фарғона вилояти жамоаси “Универсиада – 2019” мусобақаси финал босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.