ЎзА Ўзбек

04.11.2019 Чоп этиш версияси

Фарғона вилояти ҳокими соврини кимларга насиб этди?

Фарғона вилояти ҳокими соврини кимларга насиб этди?

Фарғона шаҳридаги кўп тармоқли спорт мажмуасида Фарғона вилояти ҳокими соврини учун кикбоксинг бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди. Болалар ва катталар ўртасида ўтказилган беллашувда шаҳар ва туманлардан юздан ортиқ спортчилар иштирок этди. 

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш борасидаги ишлар ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда. Яқинда Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Қува туманилик Миразиз Мирзахалиловнинг олтин медални қўлга киритгани кўплаб ёшларимизни спортга қизиқиши ва иштиёқини оширди. Шаҳар ва туманларда ташкил этилган турли спорт тўгаракларида жаҳон чемпионига ҳавас қилган минглаб спортчилар сафининг кенгайиб бораётгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Уларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда эса турли спорт мусобақаларининг ўрни каттадир.

photo5327909868901870801.jpg

Фарғона шаҳрида яқинда фойдаланишга топширилган кўп тармоқли спорт мажмуаси икки кун давомида спорт ишқибозлари билан гавжум бўлди.

Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этди ва спортчиларга омад тилади.

– Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш, ғолиб бўлган спортчиларни рағбатлантириш борасида давлат раҳбарининг юксак эътиборини вилоятимизда ҳам ҳис этиб турибмиз, – деди вилоят ҳокими. – Фарғоналик спортлар халқаро мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Бу каби мусобақалар умидли спортчиларни кашф этишга хизмат қилади. 

photo5328207222372674567.jpg

Вилоят ҳокими Хитойда бўлиб ўтган Бутунжаҳон армия ўйинлари ва Ўзбекистон чемпионати ғолибларини, мураббийларини 10-20 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирлади.

Спорт аренасининг марказига ўрнатилган рингда турли вазн тоифасида болалар, ўсмирлар ва катталар ўртасида бўлиб ўтган баҳслар қизғин курашлар остида кечди. Айниқса, турнирнинг энг навқирон 6 ёшли қатнашчилари Муҳаммадюсуф Жўраев ва Миржалол Қосимжоновлар ўртасида бўлиб ўтган жанг барчани олқишига сазовор бўлди. Ҳакамлар ҳар икки ёш спортчини ғолиб деб эълон қилди. Ниятилло Маҳмудов, Муҳаммадёқуб Жўраев, Нурматжон Исмоилов, Хожиакбар Каҳҳоров, Шохжахон Жўраев, Оятилло Қодиров, Темур Орлов, Жасурбек Шарафиддиновлар ғолиб бўлди. Профессионал жангларда эса Амурбек Жўраев ҳамда Ҳусниддин Маҳмудовлар тенгдошларини имкониятсиз қолдириб, чемпионат камари соҳибига айланишди.

Ёшлар ва катталар ўртасида турли вазн тоифасида бўлиб ўтган мусобақа ғолиб ва совриндорлари медал ҳамда вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

2 523
М. СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА