ЎзА Ўзбек

05.10.2019 Чоп этиш версияси

Фарғона шаҳрида кўп тармоқли спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Фарғона шаҳрида кўп тармоқли спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Мажмуанинг очилиши муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, спорт соҳаси вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ф. Қосимов, Фарғона шаҳар ҳокими Ҳ. Ҳабибиддинов ва бошқалар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Хусусан, 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси бунда муҳим аҳамият касб этаётир. Жойларда янги спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар соғлом турмуш тарзига фаол жалб этилмоқда. Профессионал спортчиларнинг машғулотлар ўтказиши, маҳоратини мунтазам ошириб бориши учун зарур шароит яратилмоқда.

photo_2019-10-05_12-49-51.jpg

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда татбиқ этилган 5 та муҳим ташаббуснинг бири бўлган ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш янгича тизимда амалга оширилмоқда. Барча ҳудудларида, ҳатто энг олис қишлоқларда ҳам замонавий ва фойдаланиш учун қулай спорт инфратузилмаси барпо этилмоқда. Бу йилнинг ўзида Фарғона вилоятида 60 дан зиёд спорт масканлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада спорт билан доимий шуғулланадиганлар сони икки баробар кўпайди.Энг муҳими, ёшларимиз орасида нуфузли спорт мусобақалари, жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари етишиб чиқмоқда. Бугунги кунда вилоят спортчиларидан 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида иштирок этиши кутилаётган 37 нафар номзод спортчилар рўйхати шакллантирилди.

photo_2019-10-05_12-49-54.jpg

Фарғона шаҳри марказида янги иш бошлаган кўп тармоқли замонавий спорт мажмуаси ҳам ёшлар ва спортчиларга катта туҳфа бўлди. Мазкур спорт мажмуаси 2 йил давомида қуриб битказилди. Марғилон шаҳридаги “426-хўжаликлараро ихтисослашган кўчма механизациялашган колонна” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бу ерда спортнинг якка курашлари турларига ихтисослаштирилган 4 та зал ва 4 минг ўринлик катта арена барпо этилди. Бунинг учун Болалар спортини ривожлантириш жамғармасидан 40 миллиард 356 миллион сўм маблағ сарфланди.

Мажмуа йил давомида спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиш, республика ва йирик халқаро мусобақалар ўтказиш, юксак малакали спортчиларни тайёрлаш ва энг асосийси ёшларимизни оммавий спорт турларига кенг жалб этишга хизмат қилади. Бу ерда эркин кураш, бокс, бадиий гимастика каби спорт тўгаракларида ёшлар мунтазам шуғулланишни бошлашди.

photo_2019-10-05_12-49-55.jpg

3 221
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА