ЎзА Ўзбек

15.03.2019 17:58 Чоп этиш версияси

Европа лигаси: чорак финалдаёқ “финалдан олдинги финал”

Европа лигаси: чорак финалдаёқ “финалдан олдинги финал”

Ҳозиргина Швейцариянинг Ньон шаҳрида Европа лигасининг чорак финал ўйинларига қуръа ташлаш маросими ўтказилди.

Таъкидлаш жоиз, қуръа натижалари бизга ушбу босқичдаёқ финалдан олдинги финални тақдим этди. Мусобақа ғолиблигига асосий даъвогарлардан бўлмиш Италиянинг “Наполи” ҳамда Англиянинг “Арсенал” клубларидан бири афсуски чорак финалдаёқ турнир билан хайрлашади.

Қуръада “Челси”нинг омади чопди, дейиш мумкин. Боиси, Маурисио Сарри шогирдлари чорак финалда Чехиянинг “Славия” клубини имтиҳондан ўтказади. Тўғри, статистик рақамларга кўра ушбу жуфтликда лондонликлар фаворит саналади. Аммо, шуни унутмаслик керак, чехлар нимчорак финалда кимсан “Севилья”ни баҳслардан чиқариб юборди. Шундай экан, “Славия”ни аутсайдерга чиқариш ярамайди.

photo5215179501506505299.jpg

Чорак финалнинг қолган икки жуфтлиги қуйидагича кўриниш олди:

“Вильярреал” (Испания) – “Валенсия” (Испания)

“Бенфика” (Португалия) – “Айнтрахт” (Франфурт, Германия)

Ярим финалда “Наполи”/“Арсенал” жуфтлиги ғолиби “Вильярреал”/“Валенсия” қарама-қаршилигида устун келган жамоа билан куч синашса, “Бенфика”/“Айнтрахт” тўқнашувида ғолиб чиққан томон катта эҳтимол билан ярим финалда “Челси” (ёки “Славия”) билан куч синашади.

Агар Англия клублари финалгача мағлубиятсиз одимлашса, ажабмаски биз соф инглизча финалга гувоҳ бўлсак.

Воқеалар ривожини сайтимиз орқали кузатиб боринг.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
3 324