ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Карим Тўлаганов: "Ҳақимни талаб қилганим учун ўша вақтдаги бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси раҳбари менга қаттиқ танбеҳ берди"

Карим Тўлаганов: "Ҳақимни талаб қилганим учун ўша вақтдаги бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси раҳбари менга қаттиқ танбеҳ берди"

Ҳеч нарса мамлакатни спортчалик жаҳонга тез танитолмайди. Шу боис, ҳар қандай давлат ёшларни спортга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратади, нуфузли мусобақаларда ғолиб чиқиши учун зарур шароитлар яратиб беради. Энг муҳими, шу йўл билан авлодларни соғлом тарбиялашга эришади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида урғу берилди.

Йиғилишда 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик қониқарли эмаслиги танқид қилиниб, қатор спорт федерациялари ва ҳокимликларга юқори натижаларни қўлга киритиш салоҳиятига эга спортчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга барча шароитларни яратиб бериш зарурлиги қатъий таъкидланди.

Шунингдек, спорт йўналишидаги таълим муассасалари, федерациялар моддий-техник базасини яхшилаш, спорт фармакологиясига алоҳида эътибор қаратиш, Республика спорт тиббиёти маркази фаолиятини такомиллаштириш, федерацияларда илмий-комплекс лабораториялар ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади.

Гап спортни ривожлантириш ҳақида борар экан, баъзи спортчиларнинг турли сабабларга кўра бошқа соҳага ўтиб кетишга мажбур бўлганини ҳам очиқ айтиш керак.

– Отам биз, уч ака-уканинг ҳам боксчи бўлишини орзу қилар эди. Ўн ёшимдан ушбу спорт тури билан шуғуллана бошладим. Турли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритдим. Лекин собиқ Иттифоқ даврида маълум сабабларга кўра хорижда ўтказиладиган халқаро турнирларда қатнаша олмас эдик. Фақат мустақилликкина бизга ана шу имкониятлар эшигини очиб берди. Турли давлатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашдик, – дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, Олимпия ўйинларида бокс бўйича бронза медаль совриндори Карим Тўлаганов.

1996 йили АҚШнинг Атланта шаҳри мезбонлик қилган Олимпиадага Ўзбекистондан бир йўла етти нафар боксчи йўлланмани қўлга киритдик. Ваҳоланки, бунақасини 5-6 йил аввал тасаввур қилишнинг ўзи қийин эди. Аниқроғи, бу чинакамига тарихий воқеа бўлган.

Албатта, ёш мустақил давлатимиз учун мураккаб йиллар. Шундай бўлса-да, мусобақага кетишимиздан олдин спорт соҳаси мутасаддилари, ҳокимлар бизга катта ваъдалар бериб юборди. Жумладан, мен яшайдиган туман ҳокими агар совриндорлар сафидан жой олсам, уй қуриб беришини айтди. Бу бизнинг руҳимизни жуда кўтарган. Лекин...

Учта жангни муваффақиятли ўтказдим, бироқ ҳал қилувчи паллада атланталик рақибимнинг қўли баланд келди. Чунки, назаримда бизнинг мураббийлар менинг ғалаба қозонишимни у қадар ҳам хушламади. Мен буни уларнинг хатти-ҳаракатидан пайқаб қолдим. Негаки, ўша мураббийларнинг шогирдлари мағлубиятга учраган, менинг ғалабам уларни қизиқтирмас эди. Бу руҳиятимга қаттиқ таъсир қилди. Руҳий жиҳатдан ҳал қилувчи жангга тайёр эмас эдим. Ўша дамда энг яхши спортчи эканимни исботлаш учун ҳам ғалаба қозонишим шартлиги хаёлимга келмади, иродам бўшлик қилди. Бронза медаль билан чекландим. Аслида, бу ҳам ёмон натижа эмас эди, ахир совриндорлар сафидан жой олдим-да. Юртга қайтганимиздан кейин аксарият ваъдалар унутилди. Айниқса, ҳаётда энг муҳими – уй беришни ваъда қилган ҳоким сўзида турмади. Ҳақимни талаб қилганим учун ўша вақтдаги бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси раҳбари менга қаттиқ танбеҳ берди.

Терма жамоа сафида биринчи рақамда ҳаракат қилардим. Ўша пайтлар биз Индонезияда бўлиб ўтадиган халқаро турнирга тайёргарлик кўраётган эдик. Спортчига қулай шароит яратиб берилмаса ёки оиласида муаммо бўлса, бу руҳиятга салбий таъсир қилади, кўнгилдагидай шуғуллана олмайди. Мен билан ҳам шундай бўлди. Индонезиядаги халқаро турнирга уч кун қолганда терма жамоани тарк этдим.

Кейин Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида хизмат қилдим. Шу билан бирга, турли халқаро мусобақаларда қатнашиб юрдик. Хусусан, Германиянинг Варендорф шаҳрида ўтган турнирнинг саралаш босқичида барча рақибларимизни мағлуб этдик. Улар ўша жангларни видеога ёзиб олиб, бизнинг жанг қилиш услубимизни яхшилаб ўрганишибди. Финалда барча ўзбек боксчилари мағлуб бўлди.

Спортчилар ўз устида ишлашидан ташқари, рақиб хатти-ҳаракатини ҳам ўрганиши керак, бу ғалабага йўл очади. Ўша вақтда рақибнинг жанг тактикасини ўрганиш учун бизда ҳеч қандай имконият бўлмаган. Бугунги кунда XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган миллий терма жамоа спортчилари, жумладан, эркин кураш, юнон-рум кураши, бокс, дзюдо, каратэ, таэквондо, оғир атлетика, сузиш, эшкак эшиш спорт турлари бўйича рақибларини видео тасвирлар орқали ўрганиш ишлари йўлга қўйилган.

1999 йил Парижда бўлиб ўтган Европа очиқ чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритдим. Профессионал боксда ҳам самарали фаолият юритдим. 2000 йил ё бокcни, ё ҳарбий хизматни танлашимга тўғри келди. АҚШ ва Францияга профессионал боксга таклиф қилишди. Мен эса Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида қолдим. Ҳарбий қисмларда жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича фаолият юритдим.

Терма жамоа сафидан кетишимга сабаб бўлган воқеаларни кўп эслайман. Тўғри, ўша пайтда спортчиларни моддий рағбатлантириш бўлган, аммо кўп ваъдалар ваъдалигича қолган. Очиқ айтиш керак, ўша пайтларда соҳадаги айрим раҳбарлар спортчилардан ўз мақсади йўлида фойдаланди ҳам. Кўп спортчилар алдангани, тизимда етарлича шароит яратиб берилмагани сабаб спортни тарк этди. Спортдан ўз жойини тополмаган тенгдошларим бугун бошқа касбда ишлаб, рўзғор тебратмоқда. Ўшанда уларга имконият яратиб берилганида ҳозир Олимпиада чемпионлари янада кўп бўлармиди. Ёки улар бугун энг яхши бокс мураббийси сифатида яна кўплаб чемпионларни тарбиялаб беришарди, эҳтимол...

Бугунги кунда эса спортчиларимизга барча имкониятлар яратилмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шу чоққача орзу ҳам қилмаганимиз нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларга доимий нафақа тайинланди. Нокамтарлик бўлса ҳам ғурур билан айтаман, ўшалар сафида мен ҳам борман. Ёшлигида юксак натижага эришса бир умр моддий рағбатлантирилишини билган қайси бола спорт билан жиддий шуғулланмайди, керак бўлса, жонини бериб шунга ҳаракат қилмайди, дейсиз? Шуғулланади, қилади. Чунки орқасида Ватани, халқи турганини, Президентнинг ўзи кафил эканини билган ҳар қандай соғлом бола шунга интилади. Ота-она ҳам тўла қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун бугунги ёшларга ҳавасим келади. Айни пайтда Зангиота тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёшларга мураббийлик қилаяпман...

XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик

Бугунги кунда 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун саралаб олинган 420 спортчининг оила аъзолари билан учрашув ва суҳбатлар ўтказилиб, вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан моддий ёрдамлар ажратилмоқда.

Олимпиадага тайёргарлик кўраётган спортчилар тиббий-биологик ҳамда фармакологик дори воситаларидан ўз вақтида, мақсадли фойдаланмоқда. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан 936 номдаги 8 фармакологик гуруҳга оид 62 юртимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари кўриб чиқилди.

Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) тақиқланган дори воситалар рўйхатига кирмаган, спортда қўлланилиши мумкин бўлган 260 дан ортиқ дори воситалари рўйхати шакллантирилди.

Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган миллий терма жамоа аъзолари Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида йилига икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббиёт мутахассислари томонидан тегишли хулосалар берилади. Жумладан, спортчиларимиз 2019 йил 27 августдан бошлаб Россия Федерациясидан келган тажрибали мутахассислар томонидан навбатдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, терма жамоалар аъзоларининг тиббий жарроҳлик даволаниши ҳам амалга оширилмоқда.

Терма жамоаларга малакали психолог, диетолог ва массажчи кадрлар бириктирилган. Ҳозирги кунда федерацияларда 10 нафар врач, 17 массажчи, 9 диетолог ва 16 психолог фаолият олиб бормоқда.

Юқорида Карим Тўлаганов таъкидлаганидек, ҳар қандай беллашувда спортчининг руҳий ҳолати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Машғулотлар жараёнида ҳам, мусобақа давомида тананинг ақлий фаолияти ва хатти-ҳаракатини тартибга солиш талаб этилади. Акс ҳолда, ғалаба ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бунда спортчига психолог ёрдами жуда зарур бўлади.

Шу жиҳат ҳисобга олиниб, ҳар бир спорт тури учун мўлжалланган индивидуал психологик характерга эга дастурлар ишлаб чиқилган. Дастурларда ҳар бир спортчининг психологик хусусиятини ўрганиш, мураббийларнинг бу борадаги қобилиятини ошириш, спортчини ёки жамоани маънан қўллаб-қувватлаш, машғулотлар жараёнидаги қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам берадиган психологик муносабатни ривожлантириш, стрессни енгиллаштирувчи воситаларни ишлаб чиқиш каби тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, мусобақада, захирадан катта спортга ўтишда юзага келадиган жиддий психологик муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради.

Спорт турлари бўйича хорижий мураббийлар таклиф этилди

Мамлакатимизда барча спорт турлари бўйича юқори малакали мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Миллий терма жамоаларда фаолият юритаётган 114 нафар мураббийнинг барчаси тегишли сертификатга эга. Халқаро спорт федерациялари томонидан ташкил этиладиган халқаро семинарларда каратэ, таэквондо, оғир атлетика, футбол, гимнастика спорт турлари, сузиш, бокс, дзюдо бўйича миллий терма жамоалар мураббийлари иштирок этиб, малака оширади.

Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш мақсадида футбол, камондан отиш, гимнастика, спорт курашлари, оғир атлетика, қиличбозлик, теннис ва сузиш федерацияларига чет элдан 12 мутахассис-тренер, шунингдек, юнон-рум кураши, эркин кураш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, сув полоси, қиличбозлик, замонавий беш кураш бўйича 15 маҳоратли спортчи жалб этилди.

Яна бир хабар: 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси учун спорт либослари жамланмаси дизайнини яратиш бўйича танлов эълон қилинган. Ушбу Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган мухлислар учун ҳам алоҳида спорт кийимлари дизайни яратилмоқда.

Буларнинг барчаси халқаро майдонда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тарбиялаш, бу йўлда уларга замонавий шароитлар яратиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, мухтасар айтганда, Ўзбекистон номини жаҳон узра янада кенг тараннум этишга қаратилган.

2 988
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА