ЎзА Ўзбек

15.10.2012 15:07 Чоп этиш версияси

Ёш гимнастикачилар турнири

Андижон вилоятида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси соврини учун бадиий гимнастика бўйича турнир бўлиб ўтди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Андижон вилояти бўлими, вилоят прокуратураси томонидан ташкил этилган мусобақада 1998-2006 йилларда туғилган 170 нафардан зиёд қиз ғолиблик учун баҳс олиб борди.

– Бадиий гимнастика юртимизда жадал ривожланаётган спорт турларидан биридир, – дейди гимнастика бўйича халқаро тоифадаги ҳакам София Валиева. – Бугун ушбу нафис спорт тури билан шуғулланиш учун мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам зарур шароитлар яратилган. Ёшларимиз замонавий спорт мажмуаларида гимнастика сирларини пухта эгаллаб, турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келаётир.

Қизиқарли ўтган турнирда Улуғнор тумани жамоаси биринчи, Фарғона шаҳри вакиллари иккинчи, тўрақўрғонлик қизлар учинчи ўринни қўлга киритди.

– Мураббийларим кўмагида мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдим, – дейди улуғнорлик Моҳинур Тошкенбоева. – Шу боис тенгдошларим орасида биринчи ўринга сазовор бўлдим. Келгусида янада йирик беллашувларда муваффақият қозониш учун астойдил ҳаракат қиламан. 


ЎзА, Ф.Убайдуллаев
13 466