ЎзА Ўзбек

26.01.2019 11:52 Чоп этиш версияси

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги якунланди

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги якунланди

Ўзбекистон енгил атлетика федерациясидан бизга маълум қилишларича, 23-25 январь кунлари Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида ушбу спорт тури бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги ҳамда 2000-2001 йилларда туғилган атлетлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Мусобақаларда нафақат юртимиз, балки Тожикистондан келган спортчилар ҳам ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Чунончи, эркаклар ўртасида 60 метр масофага тўсиқлар оша югуриш баҳсларида Эргаш Нормуродов 8.10 сония натижа кўрсатди ва мусобақа ғолибига айланди. Қолаверса бу натижа унга Спорт устаси талабини бажариш имконини берди.

Баландликка сакраш бўйича аёллар ўртасида ўтказилган мусобақаларда ғолиблик учун терма жамоамиз етакчиси Надия Дусанова ҳамда умидли спортчимиз Сафина Саъдуллаева баҳс юритишди. Муросасиз кечган баҳсда тажрибали Дусанованинг қўли баланд келди.

Аёллар ўртасида 400 метрга югуриш баҳсларида Тожикистон чемпиони ва рекордчиси Кристина Пронженко 57.39 сония натижа қайд этди ва мусобақа ғолибига айланди.

200 метрга югуриш баҳсларида яна бир умидли спортчимиз Комила Мирсолиева ўзининг шахсий рекордини янгилади. У белгиланган масофани 25.92 сонияда босиб ўтди ва шоҳсупага кўтарилди.

Узунликка сакраш бўйича ўтказилган баҳсларда Жавоҳир Нориев 7 метру 15 сантиметр натижа билан 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, уч хатлаб сакрашда Ислам Сибагатуллин (15.36 м), бешкураш йўналишида Анна Шиманис (3 208 очко) ҳамда аёллар ўртасида 60 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсларида Валентина Кибальникова (8.65 сония) энг яхши натижа қайд этишди.

ЎзА
4 590