ЎзА Ўзбек

07.09.2019 Чоп этиш версияси

Энг сара картингчилар аниқланди

Энг сара картингчилар аниқланди

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилояти кенгаши тасарруфидаги вилоят техник ва амалий спорт турлари марказининг 2019 йилги тақвим режасига асосан картинг бўйича ҳудудий чемпионат ўтказилди.

Урганч туманидаги Чолиш қўрғонида жойлашган ўқув-машқ майдонида ўтказилган мазкур мусобақада вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази, Ҳазорасп автомобиль мактаби ва туманлар ўқув спорт-техника клубларининг спортчилари двигатель сиғими

61.5 см/куб, 125 см/куб ва 250 см/куб бўлган картинг пойгаларида ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.

Якуний натижаларга кўра, двигатель сиғими 61.5 ва 250 см/куб бўлган картинг пойгаларида Хоразм вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази аъзолари Азизбек Авезметов ва Евгений Жуманиёзовлар ғолибликни қўлга киритишди.

Хонқа тумани картингчиси Жавоҳир Отаниёзов эса 125 см/куб бўлган картинг мусобақасида шоҳсупанинг биринчи поғонасига кўтарилди.

Эндиликда энг яхши кўрсаткичга эришган хоразмлик картингчилар жорий йилнинг 20-22 сентябрь кунлари Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида ташкил этиладиган Ўзбекистон чемпионатида баҳс юритишади.

4 044
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА