ЎзА Ўзбек

06.12.2018 16:10 Чоп этиш версияси

Эктор Куперни фақат Осиё кубогидаги ғалаба қониқтиради

Эктор Куперни фақат Осиё кубогидаги ғалаба қониқтиради

Хуш, Миллий терма жамоамиз бунга қай даражада тайёр?

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна бир ойдан кейин Бирлашган араб амирликларида старт оладиган Осиё кубогида ўз омадини синаб кўради. Вакилларимиз мусобақанинг гуруҳ босқичида Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоаларига қарши тўп суришади. Эктор Купер ўз шогирдлари билан бўлажак беллашувларга қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Тошкентда ташкил этиладиган қисқа муддатли йиғиндан кейин миллий терма жамоамиз 14 декабрь куни Туркияга жўнаб кетади. Янги йил байрами арафасида юртимизга қайтиб келадиган футболчиларимиз байрам шодиёналарини ўтказишиб, дарҳол БААга йўл олишади.

Албатта, мухлису мутахассисларда терма жамоага доир саволлар тўпланиб қолганди. Айниқса Австралияда ташкил этилган йиғинда қайд этилган мағлубиятлар, бунинг устига вакилларимизнинг яшил қитъада кўрсатган нурсиз ўйинларидан кейин жаноб Купер футбол жамоатчилиги олдида ҳисобот бермаганди. Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси мажлислар залида терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер билан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуман аввалида терма жамоамиз устози Австралиядаги йиғинга тўхталиб ўтди.

– Австралиядаги йиғиндан кейин барчада саволлар тўпланиб қолганди. Австралияда ташкил этилган йиғин доирасидаги иккита ўртоқлик учрашувида қайд этилган натижаларимиз салбий бўлди. Айниқса Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинда хатоларимиз кўпайиб кетди, ўйинимиз умуман қовушмади. Албатта, ҳар қандай мағлубият ёқимсиз бўлади, аммо унинг фойдали томонлари ҳам бор, хусусан мураббийларга. Мураббий сифатида хатолардан тўғри хулоса чиқариб олдик. БААда бўладиган Осиё кубогидан умидим катта.

Маълумки, Эктор Купер миллий терма жамоамиз бош мураббийлигига август ойида тайинланди. Ўтган вақт давомида аргентиналик мутахассис бошқарувида терма жамоамиз 4 та йиғин ташкил этди. Аввалига ички чемпионатимизда тўп сураётган футболчилар иштирокида Тошкентда қисқа муддатли йиғин, кейин сентябрь ойида легионерлар билан кучайтирилган таркиб ҳамда Сурия ва Эрон терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказилди. Октябрь ойида яна Тошкентда йиғин ва унинг доирасида Шимолий Корея ҳамда Қатар терма жамоалари билан бўлган ўртоқлик учрашувлари. Ниҳоят ноябрь ойида бош жамоамиз яшил қитъа Австралияда йиғин ташкил этди ва унда вакилларимиз Ливан ҳамда Жанубий Корея терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришди. Мана шу 6 ўйинда Эктор Купер шогирдлари иккитадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этди, тўплар нисбати эса 4-5. Албатта, ўртоқлик ўйинларида натижа муҳим эмас. Бунда мураббий турли тактик услублар устида ишлайди, футболчиларнинг имкониятларини кўздан кечириб олади ва ўзи учун тегишли хулосаларни чиқаради. Хуш, ўтказилган ўйинлар жаноб Купер учун терма жамоа борасида маълум хулоса чиқариш учун етарли бўлдими?

– Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, мен ҳар қандай ўйинга, у хоҳ ўртоқлик, хоҳ расмий учрашув бўлсин, бир хил ёндашаман. Лекин ўртоқлик ўйинларининг яхши жиҳати шундаки, ўзингизда мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, янги тактикаларни синаб кўришингиз мумкин. Балким менинг ўйин услубим кимгадир ёқмаётган бўлиши мумкин. Лекин шу ўринда Франция терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўрсатган ўйинини мисол келтираман. Уларнинг мундиалдаги ўйини кўпчиликка ёқмаган бўлиши мумкин, лекин бу уларга натижа келтирди. Агар хато қилаётганимга амин бўлсам, ўз услубимни ўзгартиришим мумкин, мен буни тўғри қабул қиламан. Эҳтимол Осиё кубогида бошқача тактикада ўйнармиз.

Жаноб Купер аввалги интервьюларида миллий терма жамоамизнинг ноябрь ойидаги йиғинига шаклланган таркиб билан боришимизни айтиб ўтган эди. Бироқ, турли сабабларга кўра ноябрь ойидаги йиғинда таркиб оптимал кўриниш олмади. Боз устига натижаларимиз мутлақо қониқарсиз кўриниш ҳосил қилди. Бундай вазиятда мураббийлар таркибда жиддий ўзгаришларни амалга оширишади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Осиё кубоги олдидан терма жамоамиз таркибида жиддий ўзгаришлар кузатилиши мумкинми?

– Осиё кубогига борадиган таркибни танлаб олишда фақатгина ноябрь ойидаги йиғинга урғу бермаймиз. Аввалги йиғинлар орқали футболчилар ҳақида етарлича хулосалар чиқарганмиз. Декабрь ойида 15 кунлик йиғин ўтказамиз. Ушбу йиғинда ҳам бир қатор янги футболчиларни синаб кўрамиз. Шундан кейин якуний таркибни аниқлаймиз. Одатда мураббийлар таркиб танлашда иккита муаммога дуч келиши мумкин: ё савияли футболчи етишмаслиги ёки яхши футболчиларнинг ҳаддан ташқари кўплиги. Аммо мен буни муаммо деб ҳисобламайман. Ихтиёримда бор футболчилардан келиб чиқиб жамоа тузаман. Масалан, Германияда кучли футболчилар ҳаддан ташқари кўп, аммо улар ЖЧда гуруҳдан ҳам чиқа олишмадику. Шуни алоҳида таъкидлайман, биз таркиб борасида ҳам мувозанатга эришишимиз керак.

Эктор Куперни Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига жалб этишаётганида унинг олдига бирламчи вазифа сифатида бош жамоамизни 2022 йили Қатарда бўладиган мундиалга олиб чиқиш вазифаси қўйилганди. Осиё кубоги эса Куперга шунчаки ЖЧ-2022га тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши керак. Аммо Осиё кубоги оддийгина халқаро турнир эмаски, унга эътиборсиз қаралса. Айни вазиятда жаноб Куперни қандай натижа қониқтиради?

“Мақсадимиз – Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритиш”, - деди терма жамоамиз бош мураббийи. Бу яхши албатта, ахир мақсадсиз мусобақада иштирок этишдан қандай маъно бор. Терма жамоамизнинг аргентиналик устози эса чемпионликни кўзламоқда. Шу ўринда бир мулоҳаза, шу кунгача жаноб Купер ҳеч бир жамоа билан, хоҳ у клуб бўлсин, хоҳ терма жамоа ҳеч қачон чемпионликка эришмаган, энг юқори натижаси финал бўлган. У Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувида ўзи учун нохуш анъанага барҳам берса қанийди, аммо такрорлаган тақдирда ҳам бундан ҳеч ким ранжимаса керак. Ахир Осиё кубогида финалчи бўлиш биз учун неча йиллик орзуку.

Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
1 981