ЎзА Ўзбек

14.03.2019 17:17 Чоп этиш версияси

Эктор Купер: “Биз учун келажак – China Cup турнири”

Эктор Купер: “Биз учун келажак – China Cup турнири”

Хабарингиз бор, Ўзбекистон терма жамоаси март ойидаги ФИФА кунларида Хитойда ташкил этиладиган “China Cup” халқаро турнирида иштирок этади.

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси анжуманлар залида миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда тажрибали мутахассис журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Дастлаб жаноб Купер бўлажак мусобақа ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Тайёргарлик учун вақтимиз кам, ихтиёримизда 8 кун бор. Турнирдан асосий мақсад – жамоамиз ўйинини кучайтириш. Хатолар устида ишлаймиз. Лекин ҳар бир ўйинда майдонга фақат ғалаба учун тушамиз. Ушбу йиғинга Олимпия терма жамоасидан айрим футболчиларни жалб этиш ҳам режамизда йўқ эмасди. Лекин уларни олдинда муҳим турнир – Осиё чемпионатига саралаш баҳслари кутиб турибди, шу боис уларни бу сафар безовта қилмасликка қарор қилдик, – деди аргентиналик мутахассис.

– Терма жамоанинг ўйинида мени хурсанд қилган жиҳатлар ҳам, салбий томонлар ҳам етарлича топилади. Турнир олдидан катта ўзгаришлар қилишга вақтимиз йўқ. Фақат баъзи кичик деталларни ўзгартириш орқали жамоа ўйинини кучайтиришга интиламиз. Биласиз, мураббийлар вақт етишмовчилиги ҳақида кўп гапиришади, бу муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Туркиядаги йиғин давомида бизда етарли вақт бўлди ва шунинг учун ҳам жамоа ўйини яхши томонга ўзгарди. Аммо, қисқа вақт ичида бунга эришиш жуда қийин. Менга шартнома таклиф қилганида, шартномамда Осиё чемпиони бўлиш ва жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилганди. У ерда айтайлик таркибни ёшартириш ҳақида банд йўқ. Тўғри, Осиё кубогида нимчорак финалдаёқ ютқаздик, бу менинг айбим. Лекин эндиги мақсадимиз – 2022 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш. Албатта, бу йўлда Олимпия терма жамоаси бизнинг асосий таянчимиз бўлади. Қувонарлиси, уларнинг мураббийи ҳам испанчада гаплаша олади ва биз бемалол, таржимонсиз мулоқот қилишимиз мумкин ва бу ҳам муҳим фактор.

– Барча ҳаракатларимиз ЖЧ-2022га чиқишга қаратилган. Таркибни ёшартириш муҳим, аммо мен ҳозир келажак ҳақида гапиришни истамайман. Биз учун келажак – Хитойдаги турнир. Айни пайтда бутун эътиборимиз шу турнирга қаратилган. Балки Хитойдаги турнирда ютқазиб қўйсак, мени ишдан бўшатиб юборишар. Шунинг учун футболда келажак ҳақида гапиришдан маъно йўқ, деб ўйлайман.

– Осиё кубогида Япония, Австралия каби жамоаларга ютқаздик. Жамоанинг ҳақиқий кучи расмий ўйинларда кўринади. Келажакда Австралия ва Япония каби терма жамоаларни юта олишимизга ишонаман. Ягона мақсад йўлида ҳаракат қилсак, уларни ютишимиз мумкин. Аммо, ҳозир эътиборимизни турли масалаларга, дейлик таркибни ёшартириш масаласига қаратиш керак эмас.

– Легионерларни қандай кузатиб боряпсиз?

– Ҳозир технология ривожланган, бизда барча футболчиларнинг видеолари бор, уларни кузатиб борамиз. Хориждаги ўйинчиларнинг барчаси ҳам терма жамоанинг асосий таркиб футболчиси эмас. Масалан, Фозил Мусаевни олайлик, у фақат охирги баҳсда 90 дақиқа ўйнади. Қолган учрашувларда эса майдонда жуда кам ҳаракат қилган. Ҳозир хорижда 20 нафардан ортиқ легионер футболчимиз бор, деб айтаяпсиз. лекин Ўзбекистон миллий чемпионатида ўйнаётган футболчи легионерлардан кучлироқ бўлиши мумкин. Ҳозирги пайтда технологиялар сабаб барча футболчиларни бемалол кузатиб бора оляпмиз. Сардор Рашидов виза билан боғлиқ муаммо туфайли чақирилмади, бу бўйича бошқа ҳеч қандай муаммо йўқ. Ушбу йиғинга чақирилмаган футболчилар хавотир олмаса ҳам бўлади, улар кейинги йиғинларга жалб этилади. Терма жамоа эшиклари ҳамма учун очиқ ва ҳеч кимга асосий таркибдан жой кафолатланмаган.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
1 964