ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Эктор Купер ҳамда ЎФАдаги техник қўмита ҳақида

Эктор Купер ҳамда ЎФАдаги техник қўмита ҳақида

ёхуд аргентиналик мутахассиснинг юртимизга келиш қарори

23 сентябрь санаси юртимиздаги спорт мухлисларига ёқимли хабарларни улашгани билан ёдда қолмоқда.

Боиси бу куни ярим тунда дунёни зир титратган ва жаҳон чемпионатида энг яхши натижа қайд этган боксчиларимиз юртимизга қайтиб келди. Ғолиб спортчиларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кўп сонли ҳамюртларимиз шоду-хуррамлик билан кутиб олишди. Тўғрида, дунёнинг мана-ман деган чарм қўлқоп усталари иштирок этган бокс бўйича жаҳон чемпионатида терма жамоамиз энг яхши натижани қайд этади-ю қувонмай бўладими?!

Тушдан кейин эса Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонлардан эсган ёқимли мужда юртдошларимиз қувончига қувонч қўшди. Зеро, футбол мухлислари кўпдан бери шу кунга қадар миллий терма жамоани бошқариб келган хорижлик мутахассис Эктор Купернинг истеъфосини кутишаётган, таъбир жоиз бўлса талаб қилишаётган эди. Айниқса, миллий терма жамоамиз ЖЧ-2022 саралашида дунё футболида деярли ўз ўрнига эга бўлмаган Фаластинга имкониятни бой бериши барчанинг сабр косасини тўлдирди...

Ўзи шундоғам аргентиналик мутахассиснинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолияти у қадар силлиқ кечмаётганди. Номдор мутахассис ўзбек футболи ва футболчилари учун мутлақо ёт услубни терма жамоага мажбурлаб сингдиришга уриндики, айнан шу ҳолат Куперга бўлган муносабатнинг кескин даражада салбий томонга ўзгаришига олиб келди. Ваҳоланки, терма жамоага аргентиналик мутахассиснинг тайинланишини мухлислар катта хурсандчилик билан қарши олишганди. Негаки бунгача мамлакат бош жамоаси на Абрамов, на Қосимов, на Бабаян билан кўзланган мақсадга эришди. Тўғри, Вадим Карленович бош мураббийлигида жамоа ҳужумкор ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган эди. Аммо, Эронга қарши кечган ўйиндаги биргина хато ва аламли мағлубият Абрамовнинг истеъфога чиқарилиши учун етарли бўлганди ўша кезларда.

Бугун барча Эктор Купердан ранжимоқда ва бунга асослар етарли. Лекин, калтакнинг иккинчи учи ҳам борки, негадир бунга ҳеч ким аҳамият қаратмаяпти. Хўш, уни терма жамоа бошқарувига аслида ким ёки кимлар таклиф этишганди?! Ҳар ҳолда Купернинг ўзи ЎФА раҳбарияти эшигининг олдига ётиб олмагандир, “менга беринг термангизни”, деб. Бирон бир мутахассисни терма жамоа бошқарувига жалб этиш олдидан ўша вақтдаги футболимиз мутасаддилари дўппини бошдан олиб яхшилаб мушоҳада юритишган эдими? Савол кетидан савол чиқиб келаверади...

Купернинг фаолияти ва у бошқарган жамоалар намойиш этган ўйин услубига эътибор қаратсак, аргентиналик мутахассисда ҳимоявий услубга мойиллик кучли эканлигини яққол кўриш мумкин. Ҳаттоки, таркибида Муҳаммад Салоҳдек ҳужумкор футболчиси бор Миср терма жамоаси ҳам унинг бошқарувида қарши ҳужумга таяниб ўйнарди. Таассуфки, айнан ҳимоявий услуб ўзбек футболига, айниқса, терма жамоа сафида тўп тепаётган ўйинчиларга мутлақо ёт. Бу эса жамоадаги ички муҳитга ҳам салбий таъсир қилмоқда. Наҳотки журналист ёки мухлиснинг ақли етган оддий ҳақиқатга ўша вақтдаги футболимиз “корчалонлари”нинг тафаккури етмаган бўлса. Ёки улар “хорижлик мураббийни сўраган эдингиз, мана сизга ўша хорижлик мутахассис” дея мухлисларнинг оғзини ёпмоқчи бўлишганми? Бу ҳам алоҳида ўрганиш талаб этадиган масала.

Бугун барча Куперни айбламоқда. Тўғри, “жамоа ютганда футболчилар ютади, акси бўлганда мураббий ютқазади”. Ўзбекистон терма жамоасининг Фаластинга имкониятни бой беришида асосий айбдор – мураббий.

Ва ниҳоят Куперга кетиш паттаси тутқазилди, аммо бу қарорни қабул қилиш ЎФА учун жуда ҳам қимматга тушгани рост. Норасмий маълумотларга кўра аргентиналик мутахассис билан шартномани бекор қилиш учун бизникилар 5 миллион доллар компенцация таклиф қилишган, у эса 7 миллион сўраган. Якуний қарор қанча суммага келишилгани бизга қоронғу, бироқ бу озмунча маблағ эмас. Алам қиладиган томони Эктор Купер бу маблағни ишлаб, жамоада ижобий ўзгаришлар амалга ошириб эмас, балки ишламасдан қуртдек санаб олмоқда... Бу маблағни ўзбек футболи инфратузилмасини мустаҳкамлаш ёки болалар футболига сарфлаганимизда эртага ортиғи билан қайтар эди.

Сир эмаски, ҳар қандай мутахассис ўз услубига эга ва у янги жамоасига ўз қарашлари, ғоясини сингдиришга ҳаракат қилади. Бу замонавий футболдаги нормал ҳолат. Ҳаттоки бип-бинойидек ўйнаб турган Европанинг гранд клублари ҳам бош мураббийни алмаштирадиган бўлса, тактикани ҳам ўзгартиришга мажбур бўлади. Худди шундай ҳолат ўзбек футболида ҳам кузатилди, Купер ҳам ўз қарашларини сингдиришга интилди холос. Бунда ҳеч қандай салбий жиҳатни кўрмаяпман. Аммо, лекин, бироқ...

Куперни терма жамоага чақиришдан аввал ўша вақтдаги ЎФА раҳбарияти бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиши лозим эди. Бунинг учун эса ЎФАда техник қўмита ўз фаолиятини тўғри ташкил этиши талаб қилинади. Бу қўмита терма жамоага тайинланадиган ҳар бир бош мураббий номзодини обдон ўрганиши, турли ёш тоифаларидаги терма жамоалар деярли бир хил тактикада тўп тепишини назорат қилиши талаб этилади. Афсуски, бизда бу механизм умуман ишламаяпти.

Қўпол бўлса ҳам бир ҳақиқатни тан олиш керак, фақат Ўзбекистонда ҳар бир терма жамоа бош мураббийи ўз ўйин услубига эга ва ўз қарашларига мослаб жамоасини қуради. Натижада бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки хил услубда ўйнаб келган ёш, иқтидорли футболчи мамлакат бош жамоасига дарҳол киришиб кетолмайди. Оқибатда ўзбек футболида янги номларнинг порлаши муаммога айланаверади. ЎФАда эса техник қўмита на раҳматли Мираброр Усмонов даврида, на ундан аввал тайинли ишлаган. Умид Аҳмаджонов даврида бу қўмитанинг фаолияти деярли тугатилди. Бу эса натижаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Энди биз учун қитъа чемпионатларининг финал босқичига чиқиш ҳам жиддий муаммога айланиб қолмоқда, жаҳон чемпионати ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Хўш, бунинг учун кимдир жавобгарликни ўз зиммасига оладими?

Ниҳоят ЎФАнинг янги раҳбарияти ўз вақтида ва оқилона қарорни қабул қилди. Ҳар ҳолда “поезд кетиб бўлмасдан” унинг локомотиви алмаштирилди. Ишқилиб бу ўзгариш яхшиликка хизмат қилсин ва ўзбек футболи яна ўзининг аввалги мавқеини тикласин. Шунга умид қиламиз.

5 641
Отабек ЭШМАМАТОВ, ЎзА