ЎзА Ўзбек

31.03.2019 19:38:40 Чоп этиш версияси

Дзюдочиларимиз Тбилиси халқаро гран-присида 2 та бронза медални қўлга киритди


29-31 март кунлари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича анъанавий “Гран-При” халқаро турнири бўлиб ўтди. 52 та давлатдан 371 нафар (204 эркак, 167 аёл) спортчи қатнашаётган нуфузли мусобақада юртимиз шарафини 6 нафар дзюдочи ҳимоя қилди. Бу ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Турнирнинг биринчи кунида ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг) Қозоғистон, Россия ва Мўғулистон вакилларини мағлуб этиб, ярим финалда франциялик Велиде Кхярга имкониятни бой бериб қўйди. Якунда спортчимиз турнирнинг бронза медалини қўлга киритди.

Мусобақанинг сўнги кунида яна бир вакилимиз -100 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган Муҳаммадкарим Хуррамов ҳам биринчи даврада ҳиндистонлик Автар Сингх, иккинчи босқичда мўғилистонлик кучли рақиб Хангал Одбаатарни мағлубиятга учратди, лекин, юртдошимиз чорак финалда голландиялик Михаэл Коррелга ютқазиб қўйди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсларда франциялик Клеман Делвер ва италиялик Жулиано Лопорчиони мағлуб этиб, мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада дунёнинг етакчи дзюдочилари медаллар шодаси билан бирга Токио Олимпиадаси рейтинг учун очколари учун баҳс олиб боришди.