ЎзА Ўзбек

27.07.2020 Чоп этиш версияси

ДУШАНБАДАН ДУШАНБАГАЧА: жаҳон спортида қандай янгиликлар?

ДУШАНБАДАН ДУШАНБАГАЧА: жаҳон спортида қандай янгиликлар?

Ортда қолган ҳафта мобайнида спорт соҳасида юртимиз ва дунёда рўй берган, омма эътиборига сазовор бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида

Ўзбекистонда:

unnamed.jpg

Карантин даврида илк бор ташкил этилган оғир атлетика бўйича халқаро онлайн мусобақасида ҳамюртларимиздан тўрт нафари биринчи, икки нафари иккинчи ва бир нафари учинчи ўринни банд этишди.

* * *

Футбол бўйича Суперлиганинг 20-22 июль кунлари бўлиб ўтадиган 10-тур ўйинлари «Пахтакор», «Бухоро» ҳамда «Сурхон» жамоаларининг умумий ҳисобда ўндан зиёд футболчилари вирус юқтириб олганлиги сабабли қолдирилди.

* * *

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси томонидан пара-атлетика бўйича ўтказилган онлайн мусобақада мамлакатимизнинг турли вилоятларидан жами 40 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Вилоятлараро ўтган ушбу турнирни ташкил қилишдан мақсад терма жамоа аъзолари орасидан келгуси ҳафтада бўладиган финал босқичида иштирок этувчи энг кучли спортчиларни саралаб олишдан иборат бўлди. Якунда 29 июль куни мусобақанинг финал босқичида беллашадиган 19 нафар пара-атлет саралаб олинди. Эътиборлиси, иштирокчилар орасидан 6 нафари бугунги мусобақада ўзларининг шахсий кўрсаткичларини яхшилай олишди.

* * *

дилмурод набиев.jpg

Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ОАВ вакилига интервью берар экан, коронавирус пандемияси туфайли ўзгарган режалар, орзу ва мақсадлар ҳақида сўз юритар экан ўзбек спорт мухлислари учун қизиқ бўлган фактларни ҳам тилга олиб ўти:

...Спортчиларимизнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш мақсадида 13 та спорт тури бўйича 18 та хорижий тренер жалб қилинган. Уларнинг аксарияти, аниқроғи, 15 нафари карантин даврида ҳам юртимизда қолиб, шогирдлари билан онлайн шуғулланди. Бундан ташқари, Олимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларга жалб этилган хорижлик малакали тренер-маслаҳатчи ва мутахассислар билан ҳудудлардаги ёш ва иқтидорли спортчилар учун онлайн маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Шу кунгача Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан япониялик мутахассис Тому Тори иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида, Ўзбекистон ВТФ таэквондо ассоциацияси ташаббуси билан жанубий кореялик мутахассис Жинг Юнг Ким иштирокида Андижон, Фарғона ҳамда Наманган вилоятларида, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ташаббуси билан мураббийлар ­ Арсен Ахметов ҳамда Заза Силагадзе иштирокида барча ҳудудларда, Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида фаолият юритаётган россиялик Борис Жгир иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида онлайн семинар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилди.

...2021 йилга қолдирилган Олимпия ўйинларига ҳозиргача спортчиларимиз 15 та спорт тури бўйича (теннис, велосипед, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум кураши, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, замонавий бешкураш, таэквондо WTF, бокс, пара ўқ отиш, параканоэ, пара сузиш, пара енгил атлетика, пара таэквондо) жами 40 та йўлланмани қўлга киритган. Афсуски, пандемия сабабли Олимпия ўйинларига йўлланмаларни тўғридан-тўғри тақдим этувчи 20 га яқин халқаро мусобақа ўтказилмай қолди. Ҳозир Халқаро олимпия қўмитаси қолдирилган саралаш мусобақаларининг муддатларини кўриб чиқмоқда...

* * *

ЎзПФЛ COCA-COLA Суперлигасининг 10-13-турлари 3 августдан 15 августгача марказлашган ҳолда давом эттирилишини маълум қилди.

Жаҳонда:

93692_680.jpg

Жаҳонга машҳур ESPN нашри 25 ёшгача бўлган энг истеъдодли боксчилар рўйхатини тузиб чиқди. Ундан 25 ёшгача бўлган 50 нафар боксчи ўрин олган. Эътиборлиси, мазкур рўйхатдан 1996 йилда таваллуд топган ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев 46-ўринда қайд этилди.

* * * 

Украиналик собиқ жаҳон чемпиони Анна Ушенина тезкор шахмат бўйича ФИДE Гран-приси – Womenʼs Speed Chess Championship ғолибасига айланди. У Суперфиналда россиялик собиқ жаҳон чемпиони Александра Костенюкни 14,5:13,5 ҳисобида мағлуб этди.

* * *


Енгил атлетика бўйича AҚШ чемпионати 144 йил ичида биринчи марта бекор қилинди. 1876 йилда бошланган ва ҳатто урушлар пайтида ҳам тўхтатилмаган мусобақалар шу йилнинг сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган эди. Aммо федерация пандемия сабабли ушбу режалардан воз кечди. NВС хабарига кўра, турнир энди 2021 йил июнда Юджин шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

* * *

maxresdefault.jpg

Бокс афсонаси, 54 ёшли Майк Тайсон ҳамда бешта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, 51ёшли Рой Жонс ўртасидаги кўргазмали мақомдаги жанг 12 сентябрь куни АҚШнинг Калифорния штатида бўлиб ўтиши эълон қилинди. Икки афсона ўртасидаги жанг 8 раунддан иборат бўлади. Майк Тайсон профессионал боксдаги сўнгги жангини 2005 йилда ўтказган ва ўшанда Кевин Макбрайдга имкониятни бой берган эди. Тайсон ҳисобида жами 58 та жанг бўлиб, уларнинг 50 тасида ғалаба қозонган. Рой Жонс эса профессионал боксдаги сўнгги жангини 2018 йилнинг февраль ойида Скотт Сигмонга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра зафар қучганди. У проф рингда ўтказган жами 77 та жангининг 66 тасида ғалаба қозонган.

* * *

Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида профессионал бокс кечаси бўлиб ўтди. Оқшомнинг марказий жанги супероғир вазн тоифасида ўтказилиб, унда Рио-2016 Олимпиадасининг кумуш медали совриндори, британиялик 34 ёшли Жозеф Жойс (11-0, 10 КО) германиялик Михаэл Валлиш (20-4, 13 КО)га қарши рингга кўтарилди. Жангнинг учинчи раунддига бориб Жозеф рақибини икки бор нокдаун ҳолатига туширгандан кейин рефери жангни тўхтатди. Бу Жойснинг кетма-кет қозонган 11-ғалабаси эди. Ёдингизда бўлса, британиялик боксчи Рио Олимпиадасининг чорак финалида ҳамюртимиз Баҳодир Жалоловни мағлубиятга учратган эди.

* * *

Абу-Дабидаги «Жанглар оролида» UFC Fight Island 3 турнири ташкил этилди. 15 та жангнинг еттитаси муддатидан аввал якунданди. Марказий жангда рейтинг пешқадами австралиялик Роберт Уиттакер рейтингнинг 5-поғонасидан жой олган Даррен Тиллни 48-47, 48-47, 48-47 ҳисобида енгди. Бу ғалабадан сўнг австралиялик жангчи чемпионлик учун бош даъвогар эканини яна бир бор исботлади.

* * *

Сочи шаҳрида ташкил этилган навбатдаги АCА кечасининг марказий жангида Александр Емеляненко Магомед Исмаиловга қарши октагонга кўтарилиб, учинчи раундда мағлуб бўлди. Жанг якунига етганидан сўнг Саша тезлик билан шифохонага олиб борилди. Шифокорларнинг маълум қилишича, Емеляненконинг жангда бурни cинган, шунингдек, юзининг бир нечта жойига чоклар тушган.

* * *

photo5251572997083475588.jpg

«Екетеринбург Арена»да бўлиб ўтган Россия Кубогининг ҳал қилувчи учрашув тақдирини 84-дақиқада урилган гол ҳал қилди. Малкомга нисбатан қўполлик қилингани боис бош ҳакам пенальти белгилади, 11 метрли жарима тўпини Артём Дзюба аниқ амалга оширди. Энг қизиғи тақдирлаш маросимида юз берди. Санкт-петербургликлар ҳимоячиси Бранислав Иванович бош соврин – Кубокни ярим ҳимоячи Магомед Оздоевга узатди. Шу вазиятда кубокнинг юқори қисмига шикаст етди. Россия Кубогининг 30 йиллик тарихи давомида биллур совриннинг тўртинчи синиши кузатилди. Қўлма-қўл ўтиши натижасида Кубок 2007, 2010 ва 2011 йилги маросимларда ҳам бутунлигини сақлаб қола олмаган. Худди шундай воқеалар биргина Россияга тегишли эмас. 2007 йили «Челси» аъзолари Англия Кубогини, 2008 йили «Шахтёр» Украина Кубогини, 2011 йили «Реал» футболчилари Испания Қироли Кубогини, Гомел Беларус Кубогини, «Аякс» вакиллари Голландия чемпионига тақдим этилувчи биллур совринни, 2014 йили ”Манчестер Сити” Лига Кубогини синдирган. Узоққа бормайлик, 90 йиллар охирларида ўзимизнинг «Навбаҳор» жамоаси ҳам ё Кубокни, ёки Суперкубокни мажақлаб қўйган эди.

* * *

Франция кубоги финалида «Пари-Сен Жермен» клуби «Цент-Этен»ни 14-дақиқада Неймар томонидан урилган ягона гол эвазига мағлуб этди ва ўз тарихида 13-бор мамлакат кубогини қўлга киритди. Мазкур натижа мусобақанинг мутлақ рекорди ҳисобланади. Париж клубининг энг яқин таъқибчиси бўлиб турган «Марсел» 10 марта Франция кубоги ғалаба қозонган. Шу тариқа Франция Кубоги ва мамлакат чемпионлигини қўлга киритган ПСЖ Суперкубок учун «Марсел» билан курашадиган бўлди. Марселликлар 2019/20 йилги мавсумда 2-ўринни қўлга киритганди. Франция Суперкубоги учун ўйин 2021 йил январда ўтказилади.

2 948
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА