ЎзА Ўзбек

03.08.2020 Чоп этиш версияси

ДУШАНБАДАН ДУШАНБАГАЧА: жаҳон спортида қандай янгиликлар?

ДУШАНБАДАН ДУШАНБАГАЧА: жаҳон спортида қандай янгиликлар?

Ўзбекистонда:

Пара атлетиканинг ядро улоқтириш тури бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ўтказилган ушбу мусобақанинг финал қисмида вилоятлардан жами 19 нафар сараланган спортчи иштирок этди. 

Бу спортчиларнинг 19 нафар спортчидан 12 нафари Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи жаҳон рейтинг жадвали натижалари билан таққослаганда, уларга нисбатан яхшироқ кўрсатгич қайд этди. Бундан ташқари, Нурхон Қурбонова, Муҳаммаджон Рехимов, Дилафруз Ахмадхонова ҳамда Элбек Султонов ўзларининг шахсий натижаларини янгилашга эришди.

***

Германиянинг Нинбург шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича “32. Nienburg Reiterfest” турнири ўтказилди ва унда ҳамюртмиз Бекзод Қурбонов совриндорлар қаторидан жой олди.

photo_2020-08-03_16-35-30.jpg

Баҳслар якунига кўра баландлиги 135 см бўлган тўсиқлардан ўтиш беллашувларида Бекзод 60 нафар спортчиси орасида мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. 70 нафар иштирокчи баҳс олиб борган баландлиги 140 см.ни ташкил этган йўналишда эса спортчимиз бронза медали билан тақдирланди.

***

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳам мазкур қарорни ҳаётга татбиқ қилиш, юртимиздаги эпидемиологик вазиятнинг тобора жиддийлашиб бораётганлигини инобатга олиб 15 августга қадар барча футбол мусобақаларини (Суперлига, Прол-лига, 1-лига, Аёллар ва футзал чемпионатлари) вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

***

photo_2020-08-03_16-35-33.jpg

«Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси, 18 ёшли ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддинов Москва «темирйўлчилари» билан 5 йиллик шартномага имзо чекди. Жасур «Локомотив» сафида 23-рақамда ўйнайди.

***

ОФК 2021 ва 2022 йилги Осиё чемпионлар лигаси ва ОФК Кубоги учун квоталарни расман эълон қилди. Унга кўра олдиндан кутилганидек Ўзбекистон кейинги икки йил учун ОЧЛда 1+1 кўринишида квотага эга бўлади.

Бу дегани Ўзбекистон чемпиони тўғридан-тўғри ОЧЛнинг гуруҳ босқичида қатнашса, яна бир клубимиз мусобақани плей-офф босқичидан бошлайди.

Шунингдек, Суперлига вице-чемпиони ОФК Кубоги гуруҳ босқичида фаолият юритади. Агар Coca-Cola Кубоги ғолиби ОЧЛ гуруҳ босқичига йўл олган тақдирдагина ОФК Кубогида Суперлигамизда иккинчи ўринни олган жамоанинг иштирок этишига изн берилади. Мабодо, Ўзбекистон Кубоги соҳиби ОЧЛ саралаш ўйинларидан нарига ўтолмаса у ҳолда унинг ўзи ОФК Кубоги гуруҳ босқичида ўйнайди, Coca-Cola Суперлига вице-чемпиони эса халқаро майдонсиз қолади.

Жаҳонда:

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди.

Унга кўра, рейтингдан олти нафар ўзбекистонлик боксчи ўрин олган. Чарм қўлқоп усталаримиз аввалги ойдаги рейтингларини сақлаб қолишган.

photo_2020-08-03_16-35-37.jpg

Муроджон Аҳмадалиев иккинчи енгил вазн тоифасида (-55,3 кг) чемпион сифатида қайд этилган. Аҳмадалиев шунингдек IBF йўналиши чемпиони ҳам ҳисобланади. Биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (-63,5 кг) жангларини олиб бораётган икки боксчимиз аввалги ойдаги каби ўринларида қолишган. Шаҳрам Ғиёсов олтин, Шоҳжаҳон Эргашев эса еттинчи поғонани эгаллаб турибди. Биринчи ўрта вазн (-69,85 кг) тоифасида Исроил Мадримов эса иккинчи ўринда турибди. Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев (-76,2 кг) эса 15-ўринга жойлашган. У айни пайтда WBA Continental Americas камари соҳиби бўлиб турибди. Яримоғир вазн тоифасида (-79,3 кг) Рустам Тўлаганов ҳам ТОП-15даги ўрнини сақлаб қолган - 15-ўрин.

***

Буюк Британиянинг Брентвуд шаҳрида Matchroom Boxing томонидан пандемиядан сўнг илк бокс кечаси бўлиб ўтди. Кечанинг марказий жангида IBF International камари соҳиби Сем Эггингтон Тед Чисорага қарши рингга кўтарилди. Ўн икки раундга мўлжалланган баҳс тўлиқ давом этди ва очколар ҳисобига кўра Тед ғалаба қозонди.

***

АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида яна бир UFC турнири бўлиб ўтди. UFC Fight Night 173 турнирининг энг яхши жанги сифатида Бобби Грин ва Лендо Ванната ўртасидаги тўқнашув тан олинди. Ҳар икки жангчи кафолатланган гонорардан ташқари қўшимча 50 минг доллардан бонусни қўлга киритишди. Шунингдек, ёрқин жанглари учун Висенте Луке ва Женнифер Майя ҳам 50 минг долларлик бонусга эга бўлишди. Улар мос равишда Ренди Браун ва Жоанн Калдервудни мағлубиятга учратишди.

***

photo_2020-08-03_16-35-42.jpg

Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов ҳамда вақтинчалик камар соҳиби Жастин Гетжи ўртасидаги жанг манзили маълум бўлди. Абу-Дабининг Яс оролида барпо этилган «Жанглар ороли»да, 24 октябрь куни UFC 254 кечасида ўтказиладиган бўлди.

***

Бир неча ойлик танаффусдан сўнг Миллий баскетбол ассоциациясида чемпионат ўйинлари старт олди. Рестартнинг илк ўйинидаёқ америкалик афсонавий баскетболчи ЛеБрон Жеймс яна бир афсона Коби Браянтга тегишли рекордни янгилашга муваффақ бўлди. Учрашувда «Лос-Анжелес Лейкерс» «Лос-Анжелес Клипперс» жамоасини 103:101 ҳисобида таслим этди.

Шу тариқа, ЛеБрон Жеймс Мунтазам чемпионатдаги ўзининг 837-ғалабасини тантана қилди. Коби Браянтнинг ғалабалари сони 836 та эди. Бу кўрсаткич бўйича рекорди Карим Абдул-Жаббор бўлиб, унинг ҳисобида 1074 та ғалаба бор.

***

Буюк Британиянинг Силверстоун трассасида навбатдаги Формула-1 гран-приси ташкил этилди. Мусобақанинг иккинчи саралаш синов пойгасида «Рейсинг Пойнт» вакили Ленс Стролл биринчи ўринни эгаллади. Кучли учликдан «Ред Булл» пилоти Александер Албон ва «Мерседес» аъзоси Валтерри Боттас жой олишган.

***

Футбол бўйича Франция Лига Кубогида ПСЖ 9-бор бош соврин соҳиби бўлди. Жамоа бу муваффақиятга Лига Кубоги финалида «Лион»ни енгиб эришди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча бўлимларида ҳисоб очилмади, пенальтилар cериясида эса ПСЖ 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ғалаба парижликларнинг жорий мавсумда мамлакатдаги барча тўртта совринни ўзиники қилишига асос бўлди. Бунгача клуб мамлакат чемпионлиги, кубоги ва Суперкубокда зафар қучганди.

***

Швейцарияда ҳам янги чемпион номи маълум бўлди. Мамлакат чемпионатининг 35-тур доирасида «Янг Бойз» «Сён» (1:0)га қарши ўйинда ғалаба қозонди ва иккинчи ўриндаги «Санкт-Галлен»ни 5 очкога ортда қолдирган ҳолда, чемпионат тугашига бир тур қолганда муддатидан олдин Швейцария чемпионига айланди. «Янг Боайз» кетма-кет уч марта чемпион бўлди ва ўз тарихидаги 14-чемпионликни нишонлади.

***

Италия чемпионати ҳам ниҳоясига етди. Бир тур аввал «Ювентус» муддатидан олдин чемпион бўлганди, сўнгги 38-турда эса «Интер» кумуш медални «Аталанта»дан «тортиб» олди.

photo_2020-08-03_16-35-48.jpg

«Лацио» ҳужумчиси Чиро Иммобиле 36та голи билан Европа миллий чемпионатларида тўп тепадиган футболчилар орасида энг яхши тўпурар деган номга сазовор бўлди. Италиялик ҳужумчи фаолияти давомида илк маротаба «Олтин бутса» совринни қўлга киритди. У бу йўлда Роберт Левандовски («Бавария», 34 гол), Криштиану Роналду («Ювентус», 31 гол), Тимо Вернер («Лейпсиг», 28 гол), Лионел Месси («Барселона», 25 гол) каби жаҳон юлдузларини ортда қолдирди. «Олтин бутса» соврини 1968 йилдан буён Европанинг энг яхши тўпурарига топшириб келинади. Месси ушбу совринни қўлга киритиш борасида мутлақ рекордсмен ҳисобланади. У олти бор «Олтин бутса»га эга чиққан. Криштиану Роналдунинг ҳисобида эса тўртта «Олтин бутса» бор. Шунингдек, яна 9 нафар футболчи икки мартадан ушбу совринни қўлга киритишган.

***

Англия Кубоги финалида чемпионат совринларидан «қуруқ» қолган икки жамоа – «Челси» ва «Арсенал» клублари ўзаро рўбарў келишди. Ҳал қилувчи ўйинда аслида ҳисобни очиш меҳмонларга – «Челси» вакилларига насиб этганди. Пулишич иккала томон футболчилари ҳали майдонга кўникиб улгурмасиданоқ дарвозани нишонга олди. Бироқ мезбонлар ҳам кўп ўтмай ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди, иккинчи бўлимнинг ярмида эса майдон эгалари иккинчи тўпини киритишди. Муҳими, ҳар иккала тўпга ҳам Обамеянг муаллифлик қилди. Шу тарзда «Арсенал» Кубок ўйинларидаги ўзининг 14-ғалабасини нишонлади.

photo_2020-08-03_16-35-53.jpg

Шу орқали «канонирлар» Англия Суперкубоги учун баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Энди «Арсенал» Англия чемпиони «Ливерпул»га қарши майдонга тушади. Учрашув 29 август куни «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади.

АПЛнинг навбатдаги мавсуми эса 12 сентябрь куни старт олиши режалаштирилган.

***

Португалиядаги «Сюдад-ди-Коимбра» стадионида мамлакат кубогининг финал беллашуви бўлиб ўтди. Ҳал қилувчи финал ўйинида «Бенфика» ва «Порту» ўзаро куч синашди. Унда 2:1 ҳисобида ғолиб чиққан «аждарлар» 17-бор Португалия кубогини қўлга киритишди. Бу борада улар «Спортинг»га тенглашиб олишди. Кубокда ғолиб чиқиш бўйича рекордчи «Бенфика» (26 марта) ҳисобланади. Таъкидлаш жоиз, Сержиу Консейсао мураббийлигидаги «Порту» ушбу мавсумда мамлакат чемпионлигини ҳам қўлга киритганди.

***

Россия Премьер-лигаси мавсум якунларига кўра энг яхшиларни аниқлаш мақсадида ўтказган сўровномасининг натижаларини эълон қилди. Унга кўра:

photo_2020-08-03_16-50-40.jpg

Энг яхши мураббий – Сергей Семак («Зенит»)
Энг яхши ёш футболчи – Хвича Кварасхелия («Рубин»)
Энг яхши дарвозабон – Александр Беленов («Уфа»)
Энг яхши ҳакам – Владислав Безбородов
Энг яхши гол – Жорже Деспотович («Оренбург» сафида «Аҳмат» дарвозасига «Роналду услуби»да)
Энг яхши футболчи – Артём Дзюба («Зенит»)
Адолат тамойиллари ва ҳалол ўйин кўрсатгани учун «фейр-плей» соврини – «Зенит»
Энг яхши яхши тўпурарлар – Артём Дзюба ва Сардор Азмун (иккаласи ҳам «Зенит»дан, иккаласида ҳам 17 тадан гол).


***

Туркия Кубоги финалида «Трабзонспор» «Аланяспор» клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва тўққизинчи совринини қўлга киритди. Натижада трабзонликлар бу борада «Бешиктош» билан тенглашиб олди. Кубокни қўлга киритиш бўйича рекорд «Галатасарой»га тегишли — 18 марта.

5 476
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА