ЎзА Ўзбек

04.10.2019 Чоп этиш версияси

Дунё полвонлари Термизда жам бўлади

Дунё полвонлари Термизда жам бўлади

Термиз шаҳридаги “Алпомиш“ стадионида жорий йилнинг 5-6 октябр кунлари кураш бўйича Президентимиз соврини учун ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган XIV халқаро турнири ўтказилади.

Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган анъанавий спорт байрамига Сурхондарё вилоятида алоҳида тайёргарлик кўрилди. Меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш, транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Вилоят марказида йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, халқаро спорт шодиёналари акс эттирилган панно ва баннерлар билан безатилди. Кураш мусобақалари бўлиб ўтадиган стадион ҳам спорт байрамига хос жиҳозланиб, янги кураш гиламлари ўрнатилди. Мухлислар учун зарур қулайликлар яратилди.

Маълумотларга кўра, бу йилги беллашувга дунёнинг 47 давлатидан икки юздан ортиқ полвон ва меҳмонлар келиши кутилмоқда. Турнир мусобақалари ёшлар ўртасида ўнта вазн, катталар ўртасида мутлақ вазн тоифасида ўтказилади. Ғолибларга юз минг доллар миқдоридаги пул соврини қўйилган.

Нуфузли мусобақа меҳмонлари Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилади. Термиз археология музейи ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишади.

2 755
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА