ЎзА Ўзбек

29.08.2019 Чоп этиш версияси

Дунё қиличбозлари Тошкентда ўзаро баҳслашади

Дунё қиличбозлари Тошкентда ўзаро баҳслашади

Пойтахтимиз яна бир нуфузли спорт анжуманига мезбонлик қилади. Жорий йилнинг 5-10 сентябрь кунлари Тошкентда қиличбозликнинг рапира ва шпага йўналишлари бўйича “Сателлит” халқаро турнири ҳамда катталар ўртасида Марказий Осиё қиличбозлик федерацияси очиқ чемпионати бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан бугун гимнастика бўйича Республика болалар ва ўсмирлар Олимпия захиралари спорт мактабида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарлари, мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова шундай деди:

- Шу кунгача Тошкентда ўтказиладиган мусобақага 160 нафардан ортиқ қиличбоз қатнашиш истагини билдирган. Мусобақага қизиқишнинг бу қадар юқорилигига сабаб, унда Токио-2020 Олимпия ўйинларига рейтинг очколари ўйналади. Беллашувлар Халқаро қиличбозлик федерациясининг сўнгги қоидалари асосида ўтказилади. 7 сентябрь – Халқаро қиличбозлик куни сифатида дунёда кенг нишонланади. Шу боис биз ҳам мусобақанинг тантанали очилиш маросимини 7 сентябрга мўлжаллаяпмиз. Эртага мусобақага ариза қабул қилишнинг сўнгги куни ва ўйлайманки рўйхатимиз янада кенгаяди. Ўз навбатида Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақаларда тўлиқ таркиб билан қатнашади.

Халқаро қиличбозлик федерацияси шафелигида ўтадиган ушбу мусобақаларда Буюк Британия, АҚШ, Италия, Россия, Сингапур, Малайзия, Гонконг, Филиппин, Бразилия, Туркия, Грузия, Хитой каби дунёнинг 30га яқин давлати қиличбозлари ғолиблик учун баҳс олиб боришади.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раисининг ўринбосари Геннадий Пелих ҳам сўзга чиқиб, бўлажак мусобақаларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди:

- Ўзбекистонда сўнгги йилларда қиличбозлик бўйича ўтказилган халқаро мусобақаларни юксак савияда ташкил этганимиз учун Халқаро қиличбозлик федерацияси бизга яна бир мусобақани ишониб топширди. Бу мусобақалар Токио-2020 олимпиадасига рейтинг очколар тақдим этади. Бироқ, Сателлит турнирларида иштирокчилар у қадар катта очкони қўлга киритмайди. Мисол учун, мусобақа ғолиби 4 очкога эга бўлади. Таққослаш учун, лицензион жаҳон кубоги босқичлари ғолиби 12 рейтинг очкосига эга бўлади. Шунга қарамай Олимпия саралаш циклида ҳар бир очко жуда қадрли ва спортчилар ҳеч бир имкониятни қўлдан чиқармасликка интилади. Бу эса Тошкентдаги “Сателлет” турнири мавқеини оширади.

Тадбирда қиличбозлик спорти Ўзбекистонда йилдан йилга ривожланиб бораётгани ва мамлакатимиздан кўплаб иқтидорли спортчилар етишиб чиқаётгани алоҳида таъкидланди. Бу ютуқлар замирида терма жамоада фаолият олиб бораётган хорижлик мураббийларнинг ҳам ҳиссаси беқиёс. Анжуманда терма жамоамиз устози, италиялик мутахассис Александр Традоли ҳам иштирок этди ҳамда ўзбекистонлик қиличбозларнинг имкониятларига юқори баҳо берди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган яна кўплаб саволларга жавоб олди.

photo5422751976682269455.jpg

7 122
ЎзА