Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2018 01:15 Чоп этиш версияси

Допинг тестларининг натижалари эълон қилинди: Россия футболчилари ҳам “тоза”ми?

Допинг тестларининг натижалари эълон қилинди: Россия футболчилари ҳам “тоза”ми?
ФИФА допинг тестлар ўтказилгани ҳақида пресс-релиз тарқатди. Унда қайд этилишича, футбол бўйича жаҳон кубоги иштирокчиларидан олинган барча допинг тестлари натижалари манфий бўлди. Турнирда иштирок этган 32 жамоанинг барча ўйинчилари синовдан ўтказилган.

Допинг тестлар жаҳон чемпионати бошланишидан аввал ва ўйинлар вақтида амалга оширилди. Шунингдек, спортчилардан учрашувлардан кейин ва ҳатто ўйинлар ўтказилмайдиган кунларда ҳам намуналар олинган. Хабарда барчанинг допинг тестлари муваффақиятли чиққани айтилади. Яъни ҳеч бир ўйинчида таъқиқланган моддалар аниқланмаган.

Бу йил Россия футбол жамоасининг аввалги жаҳон чемпионатларида эриша олмаган натижага эришгани баъзиларда шубҳаларни уйғотаётган эди. Рус спортчилар ютуғини кузатиб бораётганлар эса қандайдир қувват қўшувчи воситалардан фойдаланган деган гумонда ҳам бўлишди. Масалан, Германиянинг Bild нашри бир неча кун аввал берган хабарида Россия терма жамоаси футболчилари жаҳон чемпионати-2018 вақтида ўз жисмоний ҳолатини яхшилаш учун допингдан фойдаланган, деб қайд этган. Нашрда россиялик футболчилар 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг Хорватияга қарши кечган 1/4 финал учрашувида жисмоний ҳолатини кучайтириш учун аммиак ҳидлашганини маълум қилинган ва аммиак тақиқланган воситалар сафига кирмаса-да бу модда ҳам допинг каби қувватлантириши таъкидланган. Bild бунга исбот тариқасида “Твиттер“да Россия терма жамоаси ҳимоячиси Илья Кутеповнинг қуйидаги суратини тақдим этган.

442854_680 (1).jpg

Шубҳалар бежиз эмас, албатта. Чунки, икки йилдан буён айни шу юрт спортчилари йирик допинг-жанжалларга аралашиб қолишмоқда. Шу сабабли ҳам Россия терма жамоаси ўйинчиларига алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича, ЖЧ-2018 доирасида жамоа футболчилари бир неча маротаба такроран намуналар топширишди.

Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоаси 2018 йилнинг 9 – 25 феврал кунлари Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида ўтган қишки Олимпиада ўйинларидан дисквалификация қилинганди. Халқаро олимпия қўмитасининг бу қарорига Россия терма жамоасининг Сочи-2014 Олимпиадасида допингдан оммавий тарзда фойдаланганликда айбдор деб топилгани сабаб бўлган. Шу тариқа россиялик спортчилар қишки Олимпиадада ўз мамлакати байроғи остида иштирок эта олмади. Допинг қабул қилмагани аниқланган россиялик спортчиларга Пхёнчхан ўйинларида фақат нейтрал байроқ остида иштирок этишига рухсат берилди. 

Н. Тошпўлатова, ЎзА
7 185