ЎзА Ўзбек

17.10.2015 20:55 Чоп этиш версияси

Денис Истомин - “Tashkent Challenger – 2015” турнири ғолиби

Денис Истомин - “Tashkent Challenger – 2015” турнири ғолиби Тошкентда Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган “Tashkent Challenger – 2015” анъанавий халқаро турнири якунланди. Мазкур нуфузли мусобақада йигирмага яқин давлатдан келган ракетка усталари яккалик ва жуфтлик баҳсларида ўзаро баҳслашди.

Турнирнинг яккалик баҳсларида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин биринчи даврада беларуслик Владимр Игнатик, иккинчи даврада германиялик Максимилиан Мартерер, чорак финалда россиялик Евгений Донской ва ярим финалда ҳиндистонлик Юки Бамбирини мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. 

6C (2).jpg

Ҳал қилувчи учрашувда теннисчимиз словакиялик Лукаш Лацкога қарши кортга чиқди. Мазкур баҳсда ўзининг юқори техника ва аниқ тўп узатмалари натижасида Денис рақибини 6:3, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, халқаро турнирнинг бош совринига сазовор бўлди.

– Мусобақада ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди Д.Истомин. – Финалдаги рақибим Лукаш Лацко билан шу кунга қадар етти маротаба баҳслашганман. У кучли теннисчи. Мураббийларим маслаҳати ва мухлисларимнинг доимо қўллаб-қувватлаб тургани ғалаба қозонишимга катта ёрдам берди.

Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида россиялик Михаил Елгин ва беларуслик Сергей Бетов ғолиб бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
6 344