ЎзА Ўзбек

27.07.2020 Чоп этиш версияси

Де Кубертен яратган Олимпия байроғининг тасвири 185 минг еврога сотилди

Де Кубертен яратган Олимпия байроғининг тасвири 185 минг еврога сотилди

Замонавий Олимпия ўйинлари ғояси муаллифи, францийалик буюк шахс Пер де Кубертен томонидан чизилган Олимпия байроғининг асл нусхаси Канн шаҳрида ташкил этилган аукционда 185 минг еврога баҳоланди. Бу ҳақда «Франс Пресс» ахборот агентлиги хабар берган.

Мазкур расм 21х27,5 см ҳажмдаги оқ қоғозга графит ва гуашь ёрдамида туширилган. Тавсирда бир-бирига занжирсимон уланиб кетган кўк, сариқ, қора, яшил ва қизил рангли 5 та ҳалқа акс этган.

Мазкур ижод намунасини бразилиялик коллекционер сотиб олди. Савдоларда Францийа спорти миллий музейи ҳам иштирок этди, аммо харид учун етарли маблағ таклиф эта олмади.

Кубертен мазкур бетакрор рамзни 1913 йилнинг августида «Олимпия шарҳи» нашрига тақдим этган. Олимпия ҳаракатининг янги тимсоли ва байроғи оммага Парижда ташкил этилиши мўлжалланган Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) конгрессида намойиш қилиниши лозим эди. 1914 йилга белгиланган мазкур оламшумул тадбир Биринчи жаҳон уруши бошланиб кетганлиги туфайли ўтказилмай қолган. Ушбу расмий рамз фақат 1920 йилга келибгина, Бельгиянинг Антверпен шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари тантанали очилиш маросими олдидан тақдим этилган. 

3 355
ЎзА