ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

COCA-COLA Суперлига: Иккинчи ўрин масаласи бугун ҳал бўлади

COCA-COLA Суперлига: Иккинчи ўрин масаласи бугун ҳал бўлади

Кеча мамлакат чемпионати 7-турининг учта ўйини бўлиб ўтди. Иккитасида мезбонлар ғалаба қозонишди, бир учрашувда эса кучлар тенг келди.

Қизиқарли ўйин айниқса Қўқонда кузатилди. Гарчи назарий жиҳатдан майдон эгаларининг ғалабаси башорат қилинган бўлсада, «Машъал»дан ҳам камида дуранг кутиш мумкин эди. Бунинг учун меҳмонлар айниқса ўз жарима майдонлари ичида ўйин қоидасини бузмасликлари талаб этиларди. Сабаби, футбол қоидаларига кўра пенальти 50х50 имкониятда баҳолансада қўқонликлар шу пайтгача бу имкониятдан 90-95 фоизга фойдаланиб келишган. Чунки уларнинг таркибида нафақат жамоанинг, балки чемпионатнинг пенальти устаси Мурод Холмуҳаммедов тўп суради. Мурод ўтган йилги мавсумда ўзининг пенальтидан урган голлари ҳисобига тўпурарлар қаторидан жой олганди. 

Айни пайтда ҳам асосан пенальтидан аниқ бажарган голлари эвазига Драган Черан билан бирга тўпурарлар карвонини бошқармоқда. Кечаги ўйинда ҳам мезбонлар рақибларини 2:0 ҳисобида енгишди, қизиқ томони ҳар иккала голни ҳам Мурод айнан пенальтидан киритди. Мазкур ғалаба «Қўқон-1912»ни учинчи ўриндан иккинчи поғонага кўтарди. Фақат бу ҳолат бир кунга насиб этадими ёки кейинги турларда ҳам шу манзара сақланиб қолинадими, бунинг жавобини кечки оқшом паллада билиб олишимиз мумкин. Сабаби, еттинчи тур бугун яна тўртта ўйин билан давом эттирилади.

«Пахтакор»нику ўз майдонида, бунинг устига «Сурхон»га енгилишини башорат қилиш қийин, ҳеч бўлмаса дуранг қайд этиб ҳам турнир жадвали пешқадамлигини сақлаб қолиши турган гап. Ҳамма гап эса АГМКда. Олмалиқликлар бугун ўз шаҳрида «Насаф»ни қабул қилади. Қаршиликлар ўтган турда ўз уйида очко йўқотмаганида эди бугун муаммоси у қадар кўп бўлмасди, Олмалиқдаги учрашувда эса майдон эгаларининг имконияти баланд эканлиги кундек равшан. Шундай бўлган тақдирда АГМК иккинчи поғонага кўтарилиб олади. Уларнинг бу муваффақиятига дуранг натижа ҳам кифоя.

Биринчи кунги учрашувлардаги қизиқ вазият Андижонда ҳам кузатилди. Ўзининг ғолибона анъаналарини давом эттираётган «Бунёдкор»нинг сафарда ҳам устунликка эришишини кўпчилик башорат қилганди. Ўйин сурати ҳам кутилганидек қизиқарли кечди. Шунга яраша хавфли вазиятлар ҳам деярли тенг кўриниш олди. Жамоалар уч очко дардида қанчалик уринишмасин дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолинди. Бир очко «Андижон»нинг бир поғона кўтарилишига, хавфли ҳудудни бир кунга бўлсада тарк этишига хизмат қилди. Бир кун дейишимизнинг сабаби, бугун «Бухоро» ўз майдонида «Металлург»ни қабул қилади. Турнир жадвалида аутсайдерлар қаторида юрган бухороликлар қандай бўлмасин уйида зафар қучишга интилади ва хавфли ҳудуддан узоқлашиш чорасига эришиши эҳтимоли кўпроқ.

Куннинг учинчи ўйинида ҳам мезбонлар тўлиқ устунлик қилишди. Бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Чемпионатни кўнгилдагидек бошлай олмаган ва ўртамиёналилар қаторида «нафас олаётган» «Локомотив» бу сафар олти учрашувдан атиги бир очко олиб, сўнгги поғонани ўзиники қилиб олган «Қизилқум»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди. Майдон эгалари рақиблар дарвозасини ишғол этишга шу қадар уринишдики, буни учрашувнинг тўртдан уч қисми ўтиб бўлгандан кейингина амалга оширишди. Диёрбек Туропов рақиб дарвозаси томон зарба берди. Ушбу зарбани Макосин бартараф этди, бироқ қайтган тўпни Аваз Ўлмасалиев рақиб дарвозасига йўллаб ҳисобни очди. Қолган иккита тўп ўйин охирида, кетма-кет киритилди. Аввалига мезбонларнинг россиялик легионери Кирилл Погребняк, икки дақиқадан кейин эса Диёр Туропов гол муаллифлари бўлишди...

7-тур, 1 июль

«ҚЎҚОН-1912» – «МАШЪАЛ» - 2:0

Қўқон шаҳри. «Марказий» стадион.

Голлар: Мурод Холмуҳаммедов (53, 88, ҳар иккаласи ҳам пенальтидан).

Огоҳлантиришлар: Иқболжон Маликжонов (90+3) – Ифеани Ифеани (32), Нажмиддин Нормуродов (58), Денис Василев (87).

«АНДИЖОН» – «БУНЁДКОР» - 0:0

Андижон шаҳри. «Соғлом авлод» стадиони.

Огоҳлантиришлар: Жамшид Ҳасанов (39), Фарҳод Бекмуродов (79), Эммануел Арикачукву (90) – Нурилло Тўхтасинов (38), Лутфулла Тўраев (85), Иброҳимҳалил Йўлдошев (85)

Четлатиш: Нурилло Тўхтасинов (58, иккинчи огоҳлантириш)

«ЛОКОМОТИВ» – «ҚИЗИЛҚУМ» - 3:0

Тошкент шаҳри «Локомотив» стадиони.

Голлар: Авазбек Ўлмасалиев (69), Кирилл Погребняк (87), Диёржон Туропов (89)

Огоҳлантиришлар: Шаҳзод Шайманов (35), Фарруҳ Иброҳимов (52), Кахи Махарадзе (86) – Муҳсинжон Убайдуллаев (53), Салим Мустафоев (70)

7-турнинг бугун давом эттириладиган ўйинлари:

ПАХТАКОР – СУРХОН

НАВБАҲОР – СЎҒДИЁНА

АГМК – НАСАФ

БУХОРО – МEТАЛЛУРГ

5 359
ЎзА